Спорт | 16:50 / 02.10.2019
17144
7 дақиқада ўқилади

Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги 10та энг йирик ҳисоб

Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида мавсумнинг энг йирик ҳисоби қайд этиб бўлинди. «Тоттенҳэм» ва «Бавария» учрашувида мухлислар жами 9та голга гувоҳ бўлишди. Лекин Лондондаги ўйин турнир тарихидаги энг голларга бой учрашув эмасди. Бир ўйинда 9 гол урилиши рекорд натижанинг яқинига йўлай олган, холос. Қуйида мухлислар турнирнинг кузги ўйинларида қандай йирик ҳисобларга гувоҳ бўлишгани ҳақида келтирилади.

2011 йил. «Динамо» З – «Лион» – 1:7
«Лион» ўшанда плей-офф босқичига чиқиши учун Загребда жуда йирик ҳисобда ғалаба қозониши талаб этиларди. Ўшанда французлар ўз вазифаларини бажаришганди, ҳолбуки 45-дақиқага келиб «Динамо» 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Кейин Бафетимби Гомес покер қайд этади. Бу ўйин натижаси барчада шубҳа уйғотади, аммо УЕФАнинг ўша вақтдаги президенти, франциялик Мишель Платини бу ўйин келишилган ўйин бўлмаганини маълум қилади.

2014 йил. «Рома» – «Бавария» – 1:7
«Бавария» ЕЧЛнинг гуруҳ босқичи сафар ўйинларида аввал ҳам 7та гол урган. Беш йил муқаддам мюнхенликлар «Рома»ни янада йирикроқ ҳисобда енгишганди. Ўша ўйиннинг 36-дақиқасига келиб Арьен Роббен дубль расмийлаштирган, Марио Гётце, Роберт Левандовски ва Томас Мюллер биттадан гол уришга улгурганди. Римлик мухлислар том маънода ерга урилишади. Иккинчи бўлимда Франк Рибери ва Шердан Шакири яна биттадан гол уришади.

2015 йил. «Байер» – «Рома» – 4:4
Бундай голларга бой учрашув дуранг натижа билан якунланган ягона ҳолат. Бу учрашувда ҳам «Рома» иштирок этган, аммо немисларнинг бу жамоасига қарши римликлар Леверкузенда 4:4 ҳисобидаги дуранг натижага эришишганди. Ҳолбуки, ўша ўйиннинг 19-дақиқасида майдон эгалари Хавьер Эрнандеснинг дубли эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Кейин «Рома» 44 дақиқа ичида 4та гол уради. Бу голларнинг иккитаси Даниэл Де Росси ҳисобига ёзилади. Лекин ўйин якунида Роджер Шмидт бошқарувидаги «Байер» мағлубиятдан қутулиб қолганди.

2015 йил. «Реал» – «Мальмё» – 8:0
Криштиану Роналду ва Карим Бензема ўшанда «Сантьяго Бернабеу»да истаганини қилишганди. Португалиялик футболчи шведлар дарвозасига покер қайд этган, француз эса ҳет-трик билан кифояланганди. Яна бир гол Матео Ковачич томонидан урилганди. Қолаверса, Роналду ўз статистикасига бешинчи голли ҳаракатни ёзиб қўйган – голли узатмани амалга оширганди.

2019 йил. «Ред Булл Зальцбург» – «Генк» – 6:2
Жорий мавсумнинг биринчи турида томошабинлар Австрия ва Бельгия жамоаларининг қувноқ ўйинига гувоҳ бўлишди. Айниқса Эрлинг Ҳоланд мухлисларни хушнуд қилди: «Ред Булл Зальцбург»нинг ёш ҳужумчиси Европадаги асосий турнирдаги дебютини ҳет-трик билан нишонлаганди. «Генк» қисқа вақт ичида учта гол ўтказиб юборган, кейин икки марта ҳисобни қисқартирган бўлсада йирик ҳисобда мағлуб бўлганди.

2008 йил. «Вильярреал» – «Ольборг» – 6:3
2008 йилги бу ўйиндан аввал «Ольборг» мухлисига кимдир жамоаси сафарда «Вильярреал» дарвозасига учта гол уриши ҳақида айтганида у бу ғалаба ёки камида дуранг натижа бўлишини ҳисоблаб қувончдан сакраган бўларди. Ўйинда меҳмонлар ҳақиқатдан учта гол уришди, лекин йирик ҳисобда мағлубиятга учрашди. Ўйиннинг 67-дақиқасигача ҳисоб 2:2 кўринишида эди. Аммо ўйинга захирадан қўшилган Хосеб Льоренте 17 дақиқа ичида ҳет-трик қайд этиб, натижани таъминлади.

2000 йил. «ПСЖ» – «Русенборг» – 7:2
«ПСЖ» Неймар ва Мбаппе келишидан аввал ҳам Чемпионлар лигасида яхши иштирок этган. 2000-йилларда Парижда меҳмон бўлган жамоалар ёқимсиз онларни бошдан кечиришарди, айниқса «Русенборг» қийин аҳволга тушган. «ПСЖ» ўша ўйиннинг бир бўлимида тўртта гол урган, яна учтасини сўнгги 15 дақиқасига қолдирган. Ўйинда Николя Анелька ва норвегиялик ҳужумчи Кристер Георге иккитадан гол уришга эришган.

2019 йил. «Тоттенҳэм» – «Бавария» – 2:7
Чемпионлар лигасининг ўтган мавсумдаги финалчиси ўзининг янги стадионида, мухлислари кўз ўнгида 7та гол ўтказиб шарманда бўлди. Ҳа, «Тоттенҳэм» ҳозирда ўтган мавсум баҳоридаги ҳолатида эмас. Бу ўйин бошида мезбонлар Сон Хин Миннинг голи билан ҳисобни очишганди. Аммо «Бавария» ўйиннинг қолган қисмида АПЛ вакилини тор-мор қилишди. Фантастик ўйин ўтказган Серж Гнабрида покер ва голли узатма, Роберт Левандовскида – дубль.

2003 йил. «Монако» – «Депортиво» – 8:3
«Тоттенҳэм» ва «Бавария»га 10таликни забт этиш учун бир гол етишмаган бўлса, монегасклар ва испанлар 2003 йилда биргаликда 11 гол уришганди. Чемпионлар лигасида бу рекорд узоқ вақт сақланиб турди, бу рекорд абадий қоладигандек кўринарди. Мезбонларнинг хорватиялик ҳужумчиси Дадо Пршо 23 дақиқа ичида покерга эришган, «Депортиво» дарвозабони Хосе Молина эса биринчи бўлимда 5та гол ўтказиб юборгач, танаффусда алмаштирилганди. Лекин меҳмонлар сафида ўзини шарманда бўлмаган деб ҳисоблашга ҳақли бир футболчи ҳам бор эди – Диего Тристан «Монако» дарвозасига иккита гол урган.

2016 йил. «Боруссия» Д – «Легия» – 8:4

Мухлислар ҳисобни ҳисоблашда чалкашиб кетган ўйин, бу ўйин ЕЧЛнинг янги рекордини ўрнатганди! «Боруссия» ва «Легия» Дортмундда ҳақиқий шоу намойиш этишган ва жами 12 гол уришганди. Интрига ўйиннинг фақат дастлабки қисмида бўлган, поляклар илк 15 дақиқаликда ҳисобда олдинда боришган, кейин Синдзи Кагава икки дақиқада иккита гол урган, унинг ортидан Нури Шаҳин учинчи голни урган, 24-дақиқада биринчи гол муаллифи Александр Прийович дублни расмийлаштирган, қолганига «Боруссия» классдаги устунлигини намойиш этган Марко Ройс иккита, Усмон Дембеле ва Феликс Пасслак биттадан гол урган, иккинчи бўлимда Михал Кухарчик ва Неманья Николичнинг голлари фақат ҳисобни қисқартиришга хизмат қилган, ўйинга сўнгги нуқта меҳмонлар футболчиси Якуб Жезничак томонидан урилган, у қўшимча дақиқаларда ўз жамоаси дарвозасини ишғол қилган.

Мавзуга оид