07:33 / 03.10.2019
0
8092

Бағдодда норозилик намойишлари сабабли комендантлик соати киритилди

Фото: EPA-EFE/MURTAJA LATEEF

Ироқ бош вазири Одил Абд ал-Маҳдий пойтахт Бағдодда 3 октябрь соат 5дан комендантлик соати киритилишини эълон қилди. Бу ҳақда INA ахборот агентлиги хабар берди.

Норозилик намойишлари сабабли киритилаётган комендантлик соати унинг бекор қилиниши эълон қилингунга қадар амал қилади. 

Намойишлар 1 октябрда бошланган, уни тарқатиш вақтида 2 киши ҳалок бўлган, 200 дан кўпроқ киши жароҳат олган. 2 октябрда норозилик намойишлари нафақат Бағдодни, балки бошқа вилоятларни ҳам қамраб олган. Намойишчилар турмуш тарзи яхшиланиши, соғлиқни сақлаш, таълим ва меҳнат бозоридаги муаммоларнинг ҳал қилиниши, коррупцияга қарши курашни талаб қилишмоқда. 

Al-Sumaria телеканали маълумотларига кўра, Зи-Кар вилоятида намойишчиларни тарқатиш вақтида 5 киши ҳалок бўлган, 50 киши яраланган.

Бағдодда хавфсизлик хизматлари ҳукумат бинолари ва элчихоналари жойлашган Яшил ҳудудга олиб борувчи учта кўприкни тўсиб қўйишган.

3 октябрга ўтар кечаси ушбу ҳудудга иккита ракета тушиши оқибатида портлашлар содир бўлган. Биринчи ракета Туркия элчихонаси, иккинчиси ал-Харисия кўприги олдига тушган. 

Шунингдек, Васит ва Зи-Кар вилоятларида ҳам комендантлик соати эълон қилинган. Нажаф вилоятида намойишчилар маҳаллий ҳокимият биносига ўт қўйишган.

Бош вазир намойишлар сабабли хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиртирган.

ОАВ маълумотларига кўра, мамлакатда Facebook, WhatsApp ва бошқа ижтимоий тармоқлар қисман тўсилган. Бу ижтимоий тармоқларда намойишларга чақириқлар ва воқеа жойларидан видеолар тарқатилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top