Ўзбекистон | 23:22 / 04.10.2019
61748
2 дақиқада ўқилади

Рейтинг: одамлар қайси давлат ташкилотларидан норози?

Бугун, 4 октябрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида вазирлик, қўмита, ҳокимликлар ахборот хизматлари раҳбарлари иштирокида анжуман ташкил этилди. Унда давлат ташкилотлари матбуот котиблари виртуал оламни етарли кузатиб бормаётганлари, фаолиятларига оид танқидий материалларга тезкорлик билан муносабат билдирмаётганлари танқид қилинди. Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги мониторинг маркази томонидан ОАВда энг кўп танқид қилинган ташкилотлар номи эълон қилинди. Ахборот хизматларининг уларга муносабати даражаси ҳам айтилди. Шунингдек, аҳолини айнан қайси масалалар қийнаётганлиги кўрсатиб берилди. Рейтинг натижалари қуйидагича:

1-ўрин: Халқ таълими вазирлиги. ОАВда эълон қилинган энг кўп танқидий материаллар сони бўйича етакчи поғонада турибди. Бу рақам 226 тани, яъни умумий танқидий мақолаларнинг (2007 та) 11 фоизини ташкил қиляпти. Вазирлик тизимида қатор муаммолар бор. Булар дарслик, ўқув қуролларининг етишмаслиги, мактабларнинг пуллик қилиниши, таълим сифатининг пастлиги ва бошқалар. Эълон қилинган 226 та материалнинг атиги 41тасига (18 фоиз) вазирлик томонидан расмий изоҳ берилган.

2-ўрин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 176 та танқидий материал берилган бўлиб, 40 тасига (23 фоиз) муносабат билдирилган. Асосий муаммолар: тиббий хизматнинг пастлиги, санитария қоидалари бузилиши, она-бола соғлиғига масъулиятсизлик билан ёндашиш. 

3-ўрин. Ички ишлар вазирлиги. 131 та танқидий материал (6,5 фоиз). Уларда инсон ҳуқуқлари бузилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ўзбошимчалиги, коррупция ва фуқаролар мурожаатларини рад этиш муаммолари кўтарилган. Вазирлик атиги 13 та материалга жавоб берган. 

Рўйхатнинг кейинги икки ўрнида Энергетика вазирлиги ва Бош прокуратура турибди. Умумий қилиб айтганда, фуқаролар таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, банк тизими, атроф-муҳит ва экология, уй-жой ва коммунал соҳа, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти, амалдорларнинг ҳаракатсизлиги масалалари бўйича норозиликларини билдиришган.

Мавзуга оид