Visual Capitalist платформаси Broadband Genie маълумотлари асосида тайёрлаган таҳлилда турли мамлакатлардаги стационар кенг полосали интернетнинг ўртача ойлик нархи таққосланган.
Тадқиқот натижаларига кўра, интернет нархи энг арзон ва энг қиммат мамлакатлар ўртасидаги фарқ 140 баробардан ҳам ортиқни ташкил этган.
Рейтингда Франциянинг Тинч океанидаги Уоллис ва Футуна ҳудуди энг қиммат интернет бозори сифатида қайд этилган. Кейинги ўринларни Туркманистон ҳамда Теркс ва Кайкос ороллари эгаллаган.
Мутахассислар бу ҳолатни асосан географик омиллар билан изоҳламоқда. Энг қиммат интернет бозорларининг 25 тасидан 18 таси орол давлатлари ёки орол ҳудудлари ҳисобланади. Бундай ҳудудларда интернет инфратузилмасини қуриш ва сақлаш харажатлари юқори бўлиб, бу харажатлар нисбатан кам сонли абонентлар ўртасида тақсимланади.

Шу билан бирга, аҳоли сонининг камлиги ва рақобат муҳитининг чекланганлиги ҳам нархларнинг юқори бўлишига таъсир кўрсатади.
Таҳлилда қайд этилишича, сўнгги ўн йилда интернетдан фойдаланувчилар сони жадал ўсган. Агар 2015 йилда дунё аҳолисининг 43 фоизи интернетга уланган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 68 фоизга етган. Шу сабабли интернет хизматларининг иқтисодий жиҳатдан ҳамма учун очиқ бўлиши тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Рейтингнинг иккинчи учида эса интернет нархи жуда паст бўлган мамлакатлар жойлашган. Энг арзон интернет Эронда қайд этилган. Мутахассислар буни миллий валюта қийматининг пасайиши ва давлат субсидиялари билан изоҳламоқда.
Эрондан кейин Украина, Эфиопия ва Бангладеш интернет энг арзон давлатлар қаторига кирган.
Қизиғи шундаки, арзон интернет ҳар доим ҳам хизмат сифати паст дегани эмас. Масалан, Руминия ва Ветнам интернет нархи бўйича энг арзон давлатлар қаторида бўлиши билан бирга, стационар интернет тезлиги бўйича ҳам дунё етакчилари сафига киради.
Бу ҳолат кучли рақобат муҳити ва замонавий инфратузилмага киритилган инвестициялар бир вақтнинг ўзида ҳам арзон нарх, ҳам юқори сифатни таъминлаши мумкинлигини кўрсатади.









