12:37 / 06.10.2019
15
107315

«Ҳоким бажарилмаган ишларга масъул» — халқ бой бўлишини орзу қиладиган Эркинжон Турдимов билан суҳбат

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов

Самарқанд катта ўзгаришлар остонасида турибди. Яқинда шаҳарда туристик зона қурилиши бошланди. 2022 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитини ўзида қабул қиладиган кўҳна шаҳарнинг аэропорти ҳам кенгайтирилмоқда. Шаҳар кўчаларида таъмирлаш ишлари, кўприклар қурилиши бошланган.

Kun.uz Самарқанд яна қандай ўзгаришларга юз тутиши, вилоят аҳолисининг ҳаёт тарзида қандай ўзгаришлар юз бериши ҳақидаги саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистондаги учинчи йирик вилоятни бошқараётган сиёсатчи, Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов билан суҳбат уюштирди.

 «Ҳокимлик ҳамма ерда бир хил касб, ойлик бир хил»

Суҳбатимиз аввалида Эркинжон Турдимовдан Навоий, Сурхондарё ва Самарқанд вилояти ҳокими бўлишнинг фарқи ҳақида сўрадик. Суҳбатдошимизнинг айтишича, раҳбар ҳар бир ҳудуднинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда ишлаши керак. Турдимов ҳамма ҳокимларнинг ойлиги бир эканини айтиб, ҳазиллашиб ҳам қўйди:

«Умуман олганда, ҳокимлик ҳамма ерда бир хил касб, ойлик бир хил. Ҳар бир ҳудуднинг бир-бирига ўхшамайдиган жиҳатлари ҳам бор. Масалан, Навоий ҳудуд жиҳатдан энг катта вилоят, аммо аҳоли сони бўйича энг кичик ҳудудлардан. Бу ҳудудда саноат ривожланган. Инженерлар, технологлар ва ишчи кучи энг ривожланган ҳудуд айнан Навоий десак, тўғри бўлади. Навоийда тоғ металлургияси, кимё, умуман саноат ривожланган. Шу жиҳатдан Навоийни саноатчилар шаҳри дейиш мумкин.

Навоийнинг бюджетига тушадиган асосий тушум вилоятдаги йирик саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳудуддаги бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳам айнан мана шу йирик ишлаб чиқариш корхоналарига боғлиқ. Вилоятдаги ижтимоий муаммоларни ечишда ҳам бу корхоналарнинг ўрни катта.

Афғонистон билан чегарадош жанубий вилоят Сурхондарё эса саноат ривожланган ҳудудлардан эмас, аммо Сурхондарёнинг улуғлиги шундаки, у ерда деҳқончиликдан йил бўйи ҳосил олиш мумкин. Аҳоли сони бўйича энг йирик вилоят ҳисобланган Самарқанд ўзининг салоҳияти билан ажралиб туради. Айниқса туризм борасида.

Менимча, раҳбар ўзи ишлаётган ҳудуднинг имкониятидан келиб чиқиб ишлаши керак. Очиғи, учта вилоятда ишлаган раҳбар сифатида тақдиримдан розиман. Ҳамма ерда кўп дўстлар орттирдик, тажриба тўпладик.

Биласизми, ҳамма ҳудудларимизни бир нарса боғлаб туради – бизнинг бағрикенг халқимиз. Бунақа халқ ҳеч қаерда йўқ. Бошқа ерларда одамлар бундай ўтиш даврида қийналиб қолган бўларди, менимча».

«Ҳоким бажарилмаган ишларга масъул бўлиши керак»

Турдимовнинг айтишича, ҳокимликни айнан бирор ишдан бошлаш шарт эмас. Шунчаки одамлар кўтараётган муаммоларни, ОАВда ёритилаётган камчиликларни ўрганиш ва уларни ечишга интилиш керак ва шу билан ҳокимлик бошланиб кетади:

«Ҳокимлар ҳар куни одамлар айтиб келаётган бир хил турдаги муаммони эмас, ўша муаммонинг ўзагини ечиши керак. Муаммо қаердан келиб чиқяпти, мана шуни таҳлил қилиш керак.

Ҳокимликнинг вазифаси халқни рози қилишдан иборат. Ҳокимликнинг институти, мактаби йўқ. Менимча, ҳокимлар бажарилган эмас, бажарилмаган ишлар учун масъул бўлиши керак».

«Дада, фалончи сизни мақтади деса, одам ғурурланади» 

Ҳар бир касбнинг ёқимли жиҳатлари бор. Турдимовнинг айтишича, у учун халқни рози қилиш энг ёқимли нарса:

«Бирор ишни қилсангиз-да, одамлар шу ишингиздан рози бўлиб, сиз ҳақингизда яхши гапирса, бундан ёқимли нарса йўқ, менимча. Масалан, сиз Kun.uz’да бирор мақола чиқардингиз ва ўша муаммо ҳал бўлгач, одамлар «Kun.uz’га боргандим, муаммо ҳал бўлди», деб гапирса, сиз хурсанд бўласиз, тўғрими?

Одамнинг мансабга боғлиқ бўлмаган дўстлари, яқинлари бўлади. Шундай инсонлар ёки оила аъзолари доим тўғри гапни гапиради. Менга фарзандим «Дада, фалончи сизни мақтади» деса, хурсанд бўламан, ғурурланаман».

«Самарқандда битта кўприк қурилишини бошладик, яна иккита қуришимиз керак»

 Самарқанд шаҳри кўчаларида юзага келаётган тирбандликлар йўловчиларга анчадан буён қийинчилик туғдириб келади. Шу боис шаҳарнинг гавжум жойларидан ҳисобланган Рўдакий кўчасида тоннелли кўприк қурилиши бошланди.

Вилоят ҳокимининг маълум қилишича, яна учта жойда кўприк қурилиши режалаштирилган:

«Одамлар орасида кўп гап юради ва биз ҳам баъзан шундай миш-мишларни эшитиб, бир-икки жойга телефон қилиб суриштириб кўрамиз. Бу миш-мишларни ҳам буткул рад этиб бўлмайди, чунки уларнинг остида қандайдик ҳақиқат ётади. Масалан, яқинда Самарқандда канатли йўл қуриш ҳақида гап тарқалди. Чиндан мана шундай лойиҳа бор эди. Унинг 1 километри 6 миллион долларга тушаркан, аммо бу – ҳали лойиҳа.

Худди шунга ўхшаб, шаҳарнинг ҳар хил ерларида кўприк қуриларкан деган миш-мишлар ҳам юрибди. Биз биринчи кўприкни Рўдакий кўчасида бошладик. Биласиз, кўпчилик мана шу кўча доим асфальт қилинганидан кейин яна қазилади, деб норози бўлади. Аммо бу асфальтлар вақтинча эканини айтиш керак. Биз бу кўчада тез орада канализация ва сув қувурларини ўтказиб бўлгач, тўлиқ мустаҳкам асфальт ётқизамиз.

Кейинги кўприкни Самарқанд туманида қурамиз. Жўрақулов кўчасидан М-39 йўли (Тошкент-Термиз тракти)нинг нариги томонига ўтадиган бу кўприк эшкак эшиш канали бўйидаги туристик зонага олиб боради.

Яна бир кўприкни Самарқанд автовокзали орқа томонида бошлаймиз. Бу кўприк Оқдарё дарёси устига қурилади ва Самарқанд шаҳрини Фарҳод посёлкаси билан боғлайди. Дарёнинг нариги томонида ҳам аслида Самарқанд шаҳрига тегишли ерлар бор, лекин бу ерларда ривожланиш йўқ, чунки шаҳардан узилиб қолган. Бу кўприкнинг қурилиши ўша ерларга ва Фарҳод посёлкасига ҳам янги ҳаёт беради десак, хато бўлмайди».

«Самарқанддаги 63 фоиз кўчалар таъмирталаб»

Турдимовнинг айтишича, Самарқанд шаҳридаги 63 фоиз кўчалар таъмирталаб:

«Бу йил Самарқанд шаҳридаги ички кўчаларни таъмирлашга катта эътибор беряпмиз. Айни дамда Самарқанд шаҳридаги 63% кўчалар таъмирталаб ҳолатда.

Самарқанд шаҳридаги кўчалар ҳақида гапирганда, Самарқанд тумани йўллари ҳам эътиборга олинади. Чунки Самарқанд туманининг 80 фоиз йўллари шаҳар йўллари билан туташ.

Бу йил вилоятда 347 миллиард сўм йўлларни таъмирлашга ишлатилиши кутилмоқда. Бу – ўтган йилгига қараганда икки баробар кўп дегани. Кейинги йил эса янада кўпроқ пул йўллар учун ажратилади».

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ суҳбатлашди.

Тасвирчилар – Муҳаммаджон ҒАНИЕВ,

Фахриддин ҲОТАМОВ.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top