Жаҳон | 19:20 / 06.10.2019
21175
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея АҚШга 2020 йилгача муҳлат берди

Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги АҚШ йил охиригача “душманона сиёсат”дан воз кечиб, ядровийсизлаш бўйича реал ечимлар таклиф қилмаса, Пхеньян музокараларни давом эттирмаслигини айтди. 

“Биз АҚШ яна ўзининг эски ҳаракатлар режасини янги келишувсиз, янги ҳисоб-китоб усулисиз суқиштирса, унда давлатларимиз орасидаги келишувга чек қўйишимиз мумкинлигини тушунтирдик. Бунинг учун охирги муҳлат жорий йил охиригача”, дейилган вазирлик баёнотида.

Шимолий Кореянинг Ким Мён Гил бошчилигидаги делегацияси Стокҳолмда Стивен Биган бошчилигидаги АҚШ делегацияси билан музокаралар ўтказди. Бироқ шимолий кореялик дипломатлр музокаралар якунланишини кутиб ўтирмай, учрашув жойини тарк этишган. Кейинроқ Шимолий Корея вакили АҚШ билан музокаралар барбод бўлганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, “АҚШ Шимолий Корея талабларини ҳисобга олмай, учрашувга қуруқ қўл билан келган” ва шу иши билан музокаралар ўтказишга барча интилишни йўққа чиқарган. 

Шунингдек, Шимолий Корея АҚШнинг музокараларга ёндашувидан чуқур афсусланиш билдирган ва Вашингтоннинг сермаҳсул музокаралар ўтгани ҳақидаги баёноти ёлғон эканини ва жамоатчиликни чалғитишини айтган.

Мавзуга оид