Жаҳон | 19:48 / 16.10.2019
12742
2 дақиқада ўқилади

Туркия АҚШнинг санкцияларини жавобсиз қолдирмаслигига ваъда берди 

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу АҚШ Туркиянинг Суриядаги ҳарбий амалиёти сабабли Анқарага қарши киритган санкциялари жавобсиз қолмаслигига ваъда берди.

Човушўғлунинг айтишича, АҚШ президенти Дональд Трамп санкцияларни “ички сиёсий омиллар босими остида”, яъни демократлар томонидан унга қарши бошланган импичмент жараёни туфайли қабул қилган.

Туркия ташқи ишлар вазири хориждан ҳар қандай санкциялар ва таҳдидлар билдирилиши номақбуллигини айтган, бироқ Анқара айнан қандай жавоб қайтаришига аниқлик киритмаган. 

“Трамп ички сиёсий омиллар босими остида бизга қарши шундай қадамлар қабул қилаётганини кўрмоқдамиз. Ҳар қандай санкциялар ва таҳдидлар номақбулдир. Биз бу санкцияларга қарши жавоб чоралар кўрамиз, биз ўз жавобимизни берамиз”, деб айтган Човушўғлу. 

Трамп кўрсатмасига кўра, санкциялар Туркия ҳукумати билан боғланган ва Анқаранинг Сурия шимолидаги ҳарбий амалиётига алоқадор шахслар ва ташкилотларга қарши киритилади. Санкциялар рўйхатига ҳозирнинг ўзида Туркия мудофаа ва энергетика вазирликлари ва юқори даражадаги 3 мансабдор шахси киритилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид