Ўзбекистон | 16:57 / 17.10.2019
52081
4 дақиқада ўқилади

Вазирлик ОТМларга 5та фандан имтиҳон олиниши бўйича изоҳ берди

«Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси 2 бўлимга ажратилиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун умумий 3та фан она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган йўналишга мос 2та фан киритилиши белгиланган.  

Бугун, 17 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик ходимлари бу янгилик юзасидан муносабат билдиришди.

«Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда ДТМ ходимлари 2019 йил Германиянинг Берлин шаҳрида ушбу давлатнинг университетлари, профессионал коллежлари ва гимназияларини ўрганди.

Бу мамлакатда abitur деган тизим мавжуд бўлиб, мактаб битирувчилари 6тадан 8тагача фандан, Туркия тажрибаси бўйича эса 8тадан 10тагача фандан имтиҳон топширишади», дея вазирлик бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қайд этишича, дунё тажрибасида ҳам хорижий тил сертификати билангина талаба бўлиш имконияти берилиши фақат чет эллик талабалар учун белгилаб қўйилган бўлиб, битта фан билан талаба бўлиш имконияти ҳақида нотўғри фикрга бормаслик зарур. Ривожланган хорижий давлатларда ҳам мактаб битирувчилари бир қанча фанлардан имтиҳон топшириб, шундан кейин аттестатини олганда қайси ОТМларга кира олишини билиб олади.

Журналистлар томонидан билдирилган Ўзбекистонда ҳам мактаб битирувчилари учун алоҳида аттестат имтиҳонлари мавжудлиги, унда математика, тарих, она тилидан имтиҳон топширган битирувчини кириш имтиҳонида яна қайта шу фанлардан имтиҳон қилишнинг нима зарурати бор деган мазмундаги эътирозига вазирлик ходимлари изоҳ берди.

«Бугунги кунда фақат мактабда қўйилган якуний баҳоларни ҳисобга олиб ОТМга қабул қилишга биз қанчалик тайёрмиз деган саволга ҳам жавоб топиш зарур. Бундан 5-6 йил олдин касб-ҳунар коллежига мактабни қизил шаҳодатнома билан битирган ёшлар имтиҳонсиз қабул қилинган. Ўшанда ҳам ҳолат қанақа бўлганини кўпчилик яхши билади.

ДТМ томонидан 5та фандан имтиҳон олиниши механизмининг ишлаб чиқилаётгани ҳам босқичма-босқич қуйи босқични – мактабларни тайёрлаб бориш учун. Бу тизим тўғридан-тўғри орқага қайтариб қўйса бўладиган жараён эмас, чунки унда бутун халқ иштирок этади», дея таъкидлади Абдували Холиқов.

Унинг қайд этишича, қачонки мамлакатда бутун таълим тизими тайёр бўлса, абитуриентнинг мактабни битириш баҳоларига қараб, ОТМга қабул қилиш механизмига ўтилиши мумкин. 

Матбуот анжумани давомида Ўзбекистонда таълим олувчи хорижий талабаларнинг ОТМлардаги миқдори 15-20 фоизга етказилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Бу қўшни давлатлар орасида Ўзбекистон олий таълими салоҳиятини юқори даражага олиб чиқиш ва шу мамлакатлар фуқароларининг бизда ўқишини ташкил этиш билан изоҳланади. Бунда ОТМларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, аудиторияларнинг талабга жавоб бериши кабиларга ҳам жиддий эътибор бериш керак бўлади», - дея маълумот берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқов мавзуга бағишланган матбуот анжуманида. 

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, бугунги кунда Корея, Германия, Россияда асосий хорижий талабалар таҳсил олаётган бўлса, 2030 йилгача Ўзбекистонда ҳам хорижлик талабалар сонини кўпайтириш мақсад қилинган. Бу хорижий талабалар улушини ОТМларда 15-20 фоизга етказиш билан амалга оширилади. 

«Хорижий мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонда таълим олиши билан нафақат таълимга, балки бошқа соҳаларга ҳам инвестиция кириб келади», дея Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2018 йилда таҳсил олган 3 минг 243 нафар хорижлик талабага салкам 400 миллион доллар қийматидаги таълим хизматлари экспорт қилинган.

Мавзуга оид