Ўзбекистон | 17:58 / 17.05.2023
10149
3 дақиқада ўқилади

“Ректорларни сайлашга тайёрмасмиз” – Абдували Холиқов

Олий таълим муаммоларига бағишланган суҳбатда вазирлик ходими ректорларни тайинлашдан воз кечиш жуда осон эканини, аммо бунга ҳали ҳеч ким тайёр эмаслигини билдирди. У таълим соҳасидаги мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, ҳозирги тартиб тўғри эканлигини қайд этди.

Kun.uz билан суҳбатда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг департменти бошлиғи Абдували Холиқов ОТМ бошқарувида ректорларни сайлаш соҳадаги муаммоларга ечим бўлмаслигини таъкидлади.

“Бунинг шаклини ўзгартириш осон. Лекин қандай бўлади, қай тартибда ташкил этилади ёки сайланган ректорга қандай имкониятлар берилади? Мана шундай саволлар туғилади. Бу жараёнда ректорнинг ваколатлари, кафолатлари қўйилиши керак. Бугунги олий таълим тизимида раҳбарларни белгиланган тартибда ректор лавозимига қўйишда, албатта, олдинги меҳнат фаолияти, қандай ишлаган, қандай натижалар берган – мана шуларга қараб ректорлик лавозимига тайинланади. Бу жараёнлар 3-4 йил олдингига нисбатан анча енгиллашган. 

Масалан, олдин деканларни Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги суҳбатдан ўтказиб тайинларди. Ҳозир эса деканлар ОТМ томонидан тайинланяпти. Проректорлар ҳукумат даражасида лавозимга қўйиларди. Бу тартиб бугунги кунга келиб тегишли вазирлик ва идораларга берилган. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги ОТМ шу вазирлик томонидан, яъни ташкилотларнинг тасарруфига қараб проректорлар тайинланяпти. 

Бугунги кунда олий таълимдаги мавжуд ҳолат ва келажакда ривожлантиришга қаратилган ишларга қарайдиган бўлсак, амалдаги тартиб тўғри. Сайловга ўтказишдан осони йўқ, бу – шакл. Лекин у нима беради деган савол туғилади-да. Энди мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, буни очиқчасига айтиш керак. Мутахассис сифатидаги шахсий фикрим — ректорларни сайлашга тайёрмасмиз”, – дейди Холиқов.  

Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг бошқарма бошлиғи Шерзод Неъматов эса илгари ректорларни сайлаш тизими йўлга қўйилгани, аммо самара бермагани ҳақида гапирди. 

“Яқин тарихда ОТМ ректорларини сайлаш амалиёти бўлган. Аммо бу тажриба битта ёмон салбий оқибатга олиб келган. Табиийки, бунда 2-3 нафар номзод ҳақида гап кетади. Мана шунда жамоада гуруҳбозлик, носоғлом муҳит пайдо бўлади. Жамоа ўртасида бўлинишлар юзага келади”, – деди Неъматов.

Тўлиқ видеони шу ерда кўришингиз мумкин.

Мавзуга оид