21 июн куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутасаддилари иштирокида 2023/2024 ўқув йили қабулига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Масъуллар бу йил қабулда қандай ўзгаришлар бўлиши, савол варақаларининг тарқалиб кетмаслиги учун кўрилаётган чоралар, қабулда мактаб баҳоларининг инобатга олиниши каби масалаларда саволларга жавоб берди.

Бу йил бакалавриат учун кундузги таълим тўлов-контракт қабул квоталари 92 254 тани ташкил этмоқда, давлат гранти эса 34860 та этиб белгиланган.

 “Ўтган йилгига нисбатан 2023/2024 ўқув йилида қабул квоталари сони грант учун 10 фоизга, тўлов-контрактга 1 фоизга оширилган. Бу ерда грантда кўпроқ ўсиш бор”, – дейди вазирлик департамент бошлиғи Абдували Холиқов.

Маълумот берилишича, имтиёзлар асосида ўқишга кириш учун умумий тасдиқланган квотадан ташқари 15 мингта қўшимча квота ажратилган.

Шунингдек, анжуманда имтиҳон назоратчилари қандай танлов асосида олингани масаласига ҳам тўхтаб ўтилди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори маслаҳатчиси Фарҳод Мирзаевнинг берган маълумотига кўра, бу йил гуруҳ назоратчиларини танлаб олиш очиқ платформага ҳужжат топшириш асосида ташкил қилинган бўлиб, 8956 нафар талабгор гуруҳ назоратчиси сифатида рўйхатдан ўтган.

Махсус ўқув курсларидан ўтганидан кейин, тест ва суҳбат орқали 4000га яқин гуруҳ назоратчиси танлаб олинган. Шартнома асосида уларга ҳар кунлик тўлов ва тушлик учун пул берилиши белгиланган”, – деди Мирзаев.

Имтиҳон натижалари чиқишида мактаб баҳоларининг инобатга олиниш масаласи нега ортга сурилаётганига ҳам изоҳ берилди. Вазирлик департамент бошлиғи Абдували Холиқов бу жараён ҳали бери жорий қилиниши имконсиз эканини ҳам маълум қилди. У бу жараён кечикаётганига сабаб сифатида абитуриентлар орасида 15 йил олдин мактабни тугатганлар ва лицей, коллеж ўқувчилари ҳам борлиги эканини айтди.