Жамият | 13:34 / 18.10.2019
9007
2 дақиқада ўқилади

20,8 килограмм марихуана сақланаётган хонадон фош этилди

Божхона органлари томонидан йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг ғайриқонуний айланмасига чек қўйилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят Ички ишлар бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда Термиз шаҳрида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида фуқаро Х.Б. бошқарувида бўлган “Спарк” русумли автомашина тўхтатилиб, белгиланган тартибда назоратдан ўтказилди.

Натижада, ушбу шахснинг эгнидаги кийимлари чўнтакларида ўн тўрт дона қоғоз парчаларига ўралган 18,43 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Х.Б.нинг кўрсатмасига асосан, Термиз туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Ш.нинг хонадони ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Текширув жараёнида ҳовли томорқасида 1 туп наша гиёҳвандлик ўсимлиги парваришланаётганлиги ҳамда ёрдамчи хўжаликда полиэтилен қоплар ва гугурт кутиларида умумий оғирлиги 20 килограмм 825 граммни ташкил этувчи “марихуана” гиёҳвандлик воситаси сақлаб келинаётганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид