10:13 / 18.10.2019
0
28368

Сурхондарёда қиймати 144 миллион долларлик цемент заводи ишга тушди

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида қиймати 144 миллион долларлик янги цемент заводи ишга тушди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2018 йил вилоятнинг Шеробод туманида цемент заводи ишга туширилган эди. Бу йил Жарқўрғон туманида «Сурхонцементинвест» хорижий корхонаси барпо этилди. Бу ерда Германия, Австрия, Россия ва Хитойдан замонавий технология ва ускуналар ўрнатилди. 

Лойиҳа қиймати 144 миллион доллар бўлган корхонанинг биринчи босқичи якунланган. Завод тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 1,1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади ва 750 минг тонна цемент экспорт қилинади, 1125 киши иш билан таъминланади.

17 октябрда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу завод салоҳияти билан танишди.

“Сурхондарё вилоятининг иқтисодий имкониятлари жуда катта. Бу ерда ер ости бойликлар кўп. Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элементлар бор. Бундан оқилона фойдаланишимиз, халқимиз манфаати учун ишлатишимиз керак”, деди Президент.

Шунингдек, келгусида 12 миллион доллардан зиёд инвестиция жалб қилиш орқали қуруқ қурилиш аралашмалари, гидратланган оҳак, темир-бетон маҳсулотлари ҳам тайёрлаш режалаштирилган.

Шу ернинг ўзида вилоятда саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ичимлик ва оқова сув тизимларини яхшилаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Мутасаддиларга вилоятнинг ҳар бир туманида 9-12 қаватли уйлар қуриш, Денов тумани иқтисодиётини ривожлантириш, туманда эркин иқтисодий зона ташкил этиш, вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, кўпроқ инвестициялар жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top