Жамият | 09:27 / 21.10.2019
26674
2 дақиқада ўқилади

Автомобилларда монитордан фойдаланишга рухсат бериш таклиф қилинди

Фото: Dreamstime

Автотранспорт воситаларида теле ва видеомониторлардан фойдаланишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Тегишли петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жойлаштирилди.

“Маълумки, замонимиз кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Ахборот технологиялари ҳар бир соҳада ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Хусусан, автомобиллар ҳам замонавий технологиялар билан жиҳозланиб, ҳайдовчи ва йўловчилар учун қулайликлар яратилмоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Таъкидланишича, навигатор, кузатув камералари ҳозирда автотранспорт воситалари учун зарур қурилма ҳисобланади. Хусусан, “UzautoMotors” автозаводида янги авлоддаги Tracker, Malibu, Captiva автомобилларида ушбу қурилмалар завод томонидан ўрнатилган ҳолда харидорларга етказилмоқда. 

“Лекин бошқа турдаги автоуловларда ахборот-кўнгилочар тизими фақат аудитизим билан кифояланган. Кўпчилик ҳайдовчилар ўз қулайликлари учун автоуловига қўшимча тарзда аудиосистема ўрнига мониторли кўнгилочар тизимни ўрнатишни маъқул кўришмоқда. Шу орқали, навигатор тизимидан фойдаланиш мумкин бўлиб, хавфсизлик тизими учун ҳам қулай бўлар эди”, - дейилади петицияда. 

Йўл ҳаракати қоидаларининг 12-банди 7-хатбошига мувофиқ, ҳайдовчи учун транспорт воситаси салонининг олд қисмига, шу жумладан, приборлар панелига, қуёш соябонига ва орқа томонни кўриш кўзгусига (фақат ташқи кўринишни тасвирга оладиган видеокамера, навигатор, видеорегистраторлардан ташқари, агар улар ҳайдовчига кўринишни чекламаса) теле, видео мониторлар ўрнатиш тақиқланган. Мазкур норманинг бекор қилиниши барча ҳайдовчилар учун қулайлик яратиши айтилади.

“Юқоридагилар ва илғор хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда автотранспорт воситаларида теле ва видео мониторлардан фойдаланишдаги амалдаги чекловлар бекор қилинишини таклиф қиламиз”, - дея якунланган петиция.

Мавзуга оид