Жаҳон | 21:30 / 22.10.2019
5326
2 дақиқада ўқилади

Грецияда «Жокер» фильми намойиши вақтида полициянинг махсус рейди ўтказилди 

Грецияда “Жокер” триллери намойиши вақтида кинозалга кутилмаганда полиция бостириб кириб, у ердан 20 га яқин балоғатга етмаган ўсмирни олиб чиқиб кетган. Полициянинг бу рейди жамоатчиликнинг танқиди ва сиёсатчилар орасидаги низога сабаб бўлди. Бу ҳақда Euractiv нашри хабар берди.    

Ижтимоий тармоқларнинг минглаб фойдаланувчилари полициянинг ушбу ҳаракатларини қоралаб, рейдни “фашистча” ва авторитар давлатга хос деб аташган.
 
Таъкидланишича, Грецияда ушбу фильмни фақат балоғатга етганлар томоша қилиши мумкин, ваҳоланки бошқа давлатларда уни томоша қилишга 12 ёшдан 18 ёшгача бўлганларга рухсат берилган.    

Грециянинг баъзи оммавий ахборот воситалари полицияга рейдни ўтказишга маданият вазирлигидаги икки амалдор буюрганини маълум қилган. Бироқ вазирликда ушбу маълумот тасдиқланмаган. 

Асосий мухолиф партия Сириза ҳукуматни давлатни “қора замонлар”га қайтаришда айблаган. Ҳукумат ўз навбатида Сириза ҳокимият тепасида 5 йил бўлгани ва бу вақт ичида қонунни ўзгартириши мумкинлигини айтган.
 
Греция маданият вазири Лина Мендон полицияни чақиртирган “ҳаддан зиёд тиришқоқ” амалдорларни танқид қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид