Ўзбекистон | 14:10 / 22.10.2019
13468
2 дақиқада ўқилади

Москвада Ўзбекистон ва Россия бош вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади

Фото: government.ru

22 октябрь, сешанба куни Россия бош вазири Дмитрий Медведев «Очиқ инновациялар - 2019» форумида иштирок этади. Россия Федерацияси ҳукумати матбуот хизматининг хабар беришича, вазирлар маҳкамаси раҳбари Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов билан ҳам учрашув ўтказади.

ТАСС хабарига кўра, форумда Беларусь вазирлар маҳкамаси раҳбари Сергей Румас, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Евросиё иқтисодий комиссияси раиси Тигран Саркисян, Bayer AG директорлар кенгаши раиси Вернер Бауманн Future of Humanity Institute (Инсоният келажаги институти) Ник Бостром, Google Play директори Пурнима Кочикар, Сколково фан ва технологиялар институти профессори Иван Оселедец қатнашади. 

Россия Федерацияси бош вазири ўтган йили август ойида Туркманистондаги Каспий иқтисодий форуми, ундан олдин - июлда Москвада ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашганди. Медведев Арипов билан сўнгги суҳбати чоғида икки мамлакат бош вазирларининг тез-тез учрашиб туриши Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг барқарор ривожланиши калити эканлигини таъкидлаб ўтган. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳукумати раҳбари икки томонлама ҳамкорлик янги даражага кўтарилгани ва Россия-Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2019 йилнинг дастлабки етти ойида 15 фоизга ўсгани ҳамда йил охирига келиб 6 миллиард долларга етишини айтган.

«Очиқ инновациялар» форуми 2012 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Тадбир энг янги технологияларни ривожлантириш ва тижоратлаштириш муаммоларини муҳокама қилиш, шунингдек, ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик учун янги воситаларни яратиш учун майдончадир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид