Спорт | 12:10 / 23.10.2019
25926
9 дақиқада ўқилади

Мбаппе Мессининг рекордини янгилади. ЕЧЛда биринчи кун ўйинлари

23 октябрга ўтар кечаси Европа яшил майдонларида Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 3-тури доирасида 4 гуруҳда 8та учрашув бўлиб ўтди.

А гуруҳи
Зидан истеъфодан қутулиб қолди

«Галатасарой» — «Реал» — 0:1 (0:1)
Гол: Кроос, 18.
«Брюгге» — «ПСЖ» — 0:5 (0:1)
Голлар: Икарди, 7 (0:1). Мбаппе, 61 (0:2). Икарди, 63 (0:3). Мбаппе, 79 (0:4). Мбаппе, 83 (0:5).

Шу кунларда Испанияда баҳорда катта умидлар билан қайтарилган Зинедин Зиданнинг «куни битгани» ҳақида ёзишмоқда. Хабарларда айтилишича, «Қаймоқранглилар» хўжайини Флорентино Перес жамоанинг яна бир собиқ мураббийи Жозе Моуриньо билан келишиб қўйгани ҳақида айтилмоқда. Ўтган ҳафтанинг шанба куни ички чемпионат доирасида «Мальорка»дан учралган мағлубият бундай миш-мишларни кўпайтирди. Олдинда эса Истанбулда «Галатасарой»га қарши қийин ўйин кутарди.

Майдон эгалари ўйинни тетик бошлашди, аммо сўнгги вақтларда кескин танқидларга учраган Куртуа мадридликларни қутқарди, у Андоненинг иккита хавфли зарбасини бартараф этди, кейин эса Чемпионлар лигасида 100-ўйинини ўтказган Кросс гол урди. Унга мадридликларнинг яна бир танқидга учраётган футболчиси Азар ассистентлик қилди. Голдан кейин устунликни қўлга олган «Реал» ҳисобни йирик кўринишга келтириши ҳам мумкин эди. Рақиб дарвозаси томон 14 бор аниқ зарба - бу ЕЧЛнинг шу оқшомдаги ўйинлари рекорди, аммо бундан ортиқ ҳеч нарса. Айниқса Азар дарвозабонни алдаб ўтганидан кейин бир неча метр масофадан туриб бўш қолган дарвозани ишғол эта олмади.

Лекин биргина гол Зидан истеъфодан қутулиб қолиши учун етарли бўлди. Ҳозирча.

Гуруҳдаги иккинчи ўйинда «ПСЖ» кутилганидек сафарда «Брюгге» устидан ғалаба қозонди, аммо ҳисоб кутилмаган даражада йириклашиб кетди. Икарди парижликлар сафида қаторасига тўртинчи ўйинида гол урди, аммо бу оқшомнинг асосий қаҳрамони Мбаппе бўлди. Жароҳатидан тез тикланаётган ёш француз ҳужумчи ўйиннинг 52-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилди ва қолган вақт ичида учта гол урибгина қолмасдан, Икардининг иккинчи голига ассистентлик ҳам қилди.

Шунингдек, у Мессининг рекордини янгилади: энди Мбаппе Чемпионлар лигасида 15-голини урган энг ёш футболчи. У бу натижага 20 ёшу 306 кунлигида эришди. Аргентиналик футболчи ЕЧЛдаги 15-голини урганида 21 ёшу 289 кунлик эди. Энди Неймар яна унинг соясида қолмоқда.

В гуруҳи
Левандовски топ

«Олимпиакос П» — «Бавария» — 2:3 (1:1)
Голлар: Эл-Араби, 23 (1:0). Левандовски, 34 (1:1). Левандовски, 62 (1:2). Толиссо, 75 (1:3). Гильерме, 79 (2:3).
«Тоттенҳэм» — «Црвена Звезда» — 5:0 (3:0)
Голлар: Кейн, 9 (1:0). Сон Хин Мин, 16 (2:0). Сон Хин Мин, 44 (3:0). Ламела, 57 (4:0). Кейн, 72 (5:0).

Грецияга сафар «Бавария» учун оғир кечди. Аввалига трибуналардаги тартибсизликлар туфайли ёшлар жамоалари ўртасидаги ўйин тўхтатилди. Кейин асосий жамоалар ўртасидаги ўйин арафасида рўй берган муштлашувлар вақтида мюнхенликларнинг 5 нафар мухлиси жароҳат олди. Ўйин ҳам немислар учун омадсиз бошланди, ЕЧЛда 103-ўйинида майдонга тушиб, Оливер Кан билан тенглашган Нойер Эл-Арабининг зарбасини дарвоза чизиғи ичкарисидан қайтарди. «Бавария» тезда ўзига келди - биринчи навбатда Левандовскининг саъй-ҳаракатлари туфайли. Польшалик ҳужумчи ҳозирда жуда зўр формада - жорий мавсумда у 17 ўйинда 21 гол уришга эришди («Бавария» учун 13 ўйинда 18 гол). У энди 58 голи билан ЕЧЛ тарихидаги энг яхши беш тўпурар рўйхатидан жой олди. Олдинда фақат Криштиану Роналду (127), Лионель Месси (112), Рауль (71) ва Карим Бензема (60).

«Тоттенҳэм» эса бу мавсумдаги омадсизликлари учун бор аламини «Црвена Звезда»дан олди. Бир йил муқаддам «шпорлар» Чемпионлар лигасини гуруҳ босқичида қаторасига икки ўйинда «Барселона» ва «Интер»га мағлуб бўлиш билан бошлаганди, аммо кейин финалгача етиб борди. Балки тарих такрорланар — на серблар, на «Олимпиакос» плей-офф босқичига чиқиш учун жиддий рақобатчи сифатида кўринмаяпти. Ҳатто инқирозни бошдан кечираётган «Тоттенҳэм» фонида ҳам.

С гуруҳи
Стерлинг 5та гол келтирди

«Шахтёр» — «Динамо З» — 2:2 (1:1)
Голлар: Коноплянка, 16 (1:0). Ольмо, 25 (1:1). Оршич, 60, пенальти (1:2). Додо, 75 (2:2).
«Манчестер Сити» — «Аталанта» — 5:1 (2:1)
Голлар: Малиновский, 28, пенальти (0:1). Агуэро, 34 (1:1). Агуэро, 38, пенальти (2:1). Стерлинг, 58 (3:1). Стерлинг, 64 (4:1). Стерлинг, 69 (5:1).

Агар куннинг энг аҳмоқона фоли учун соврин бўлганида, уни «Шахтёр» дарвозабони Пятов олиши аниқ эди. Загребнинг «Динамо» клубига қарши ўйин вақтида бурчак зарбаси амалга оширилганида ўз олдида турган хорватлар ҳужумчиси Гавранчични бўйнидан тортиб газонга йиқитди. Ҳолбуки бу вақтда тўп бутунлай бошқа томонда эди. Дарвозабон ҳеч нарса қилмаганига ишонтирмоқчи бўлсада, рефери Матеу Лаос барчасини кўриб турганди ва мутлақо тўғри пенальти белгилади, уни Оршич аниқ ижро этди ва жамоасини олдинга олиб чиқди.

Мезбонлар дарвозабоннинг кулгили хатоси туфайли ютқазиши ҳам мумкин эди, аммо ўйин охирида дарвозабоннинг бахтига Алан Патрик ажойиб узатма билан Додони голли вазиятга чиқарди ва ҳисоб тенглашди.

«Аталанта» ҳозирда — Италияда энг қизиқарли ва томошабоп ўйин кўрсатаётган жамоа, Европа миқёсида ҳам бу жамоанинг кўрсаткичлари жуда зўр, аммо Чемпионлар лигасида Жан Пьеро Гасперинининг ҳужумкор модели ишламай қолмоқда. Аввалига Загребда — 0:4, энди «Манчестер Сити»дан — 1:5. Дастлаб Руслан Малиновский пенальтидан гол уриб, италянларни ҳисобдан олдинга олиб чиққан бўлсада, жамоа мухлисларининг қувончи узоққа чўзилмади. Ўйиннинг асосий қаҳрамони Стерлинг бўлди, аввалига Агуэрога икки голда ассистентлик қилган футболчи (у аргентиналик ҳужумчининг иккинчи голида у учун пенальти ҳам ишлади) кейин ўзи учта гол урди. Англиялик футболчи учун бу Чемпионлар лигасидаги илк ҳет-трик бўлди.

D гуруҳи
Дибала «Локо»нинг орзусини яксон қилди

«Атлетико» — «Байер» — 1:0 (0:0)
Гол: Мората, 78.
«Ювентус» — «Локомотив»  — 2:1 (0:1)
Голлар: Миранчук, 30 (0:1). Дибала, 77 (1:1). Дибала, 79 (2:1).

«Атлетико» ҳужумчиси Мората Чемпионлар лигасида Мадриднинг икки клуби — «матрасчилар» учун ҳам, «Реал» учун ҳам гол урган илк футболчи бўлди. Унинг бу ўйиндаги голи Диего Симеонега «Байер» билан кечган қийин ўйинда ғалаба келтирди, испанларда гол уриш учун деярли имконият бўлмади. Мората Лодининг қанотдан берган узатмасига ўз вақтида сакради.

Қаторасига учинчи ўйинда мағлуб бўлган бўлсада, «Байер» Мадриддаги ўйинда устунлик қилди (тўпга эгалик қилиш нисбати 60га 40), немислар рақибга нисбатан икки баравар кўп зарба беришди (6га қарши 12), кўпроқ бурчак зарбаси амалга оширишди (2га қарши 7), аммо Облак ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди. «Атлетико» ўз услубида натижага эришди ва гуруҳда етакчилик қилишда давом этди.

Гуруҳдаги иккинчи етакчи бўлмиш «Ювентус» учинчи турда «Локомотив»га қарши ўйинда очко йўқотиши мумкин эди. Биринчи бўлимда Миранчук ҳисобни очганидан кейин москваликлар ҳисобни сақлаб қолишга ўйнашди, аммо ўйиннинг сўнгги қисмида Пауло Дибала икки дақиқа ичида икки гол уриб, туринликларга ғалаба келтирди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид