Бу сафарги жаҳон чемпионатида тарихдаги энг аҳамиятли турнирлардан бирига айланиш имконияти бор. Мухлислар жаҳон футболининг қатор афсоналари билан хайрлашади, шунингдек, кўплаб ёш юлдузларни сайёранинг асосий турнирида илк бор кўришади.

Бир вақтнинг ўзида бир неча рекордлар янгиланиши мумкинлиги туфайли ҳам ушбу турнир ўзига хос бўлиши кутилмоқда. Бу рекордларнинг баъзилари ўнлаб йиллар давомида ўзгармай келмоқда. Қуйидаги материалда турнир давомида кутилаётган рекордлар ҳақида.

Месси ва Мбаппе жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарларга айланиши мумкин

Ҳозирда рекорд германиялик машҳур ҳужумчи Мирослав Клозега тегишли ҳисобланади. У жами тўртта турнирда қатнашиб, 16 гол урган. Бу сафарги мундиалда Лионел Месси ва Килиан Мбаппеда уни қувиб ўтиш имконияти бор: аргентиналикнинг ҳозиргача жаҳон чемпионатларида урган голлари сони 13 та, французда – 12 гол.

Турнир иштирокчилари сони 48 тага етказилгани туфайли плей-оффда қўшимча босқич пайдо бўлган ва финалгача борадиган жамоада олдингидек еттита эмас, саккизта ўйин ўтказиш имкони бўлади. Бу эса тарихий рақамларни яхшилаш вазифасини осонлаштиради.

Мбаппе эса бу мундиалда Клозени қувиб етолмаган тақдирда ҳам, унда камида яна битта уриниш бўлади. Килиан ҳали 27 ёшда ва у нафақат рекордни янгилаши, балки таъқибчилардан сезиларли даражада ўзиб кетиши мумкин бўлади. Месси учун эса олдиндаги жаҳон чемпионати охиргиси бўлиб қолиши аниқ. У бу турнирда Мирославни қувиб ўтган тақдирда ҳам унинг натижаси узоқ сақланиб қолмаслиги мумкин, аммо у барибир тарихий ютуққа эришган бўлади.

Месси ва Роналду олтита жаҳон чемпионатида ўйнаган илк футболчилар бўлади

Қандайдир форс-мажор ҳолати рўй бермаса, бу борадаги рекорд янгиланиши тайин. Лионел Месси ва Криштиану Роналду олтита жаҳон чемпионатида майдонга чиққан тарихдаги илк футболчиларга айланишади.

Улар ўзларининг илк турнирларини 2006 йилда ўтказишганди, энди эса, 20 йил ўтиб, катта эҳтимол билан, фаолиятидаги охирги турнирга йўл олишган. Нима бўлганда ҳам, улар германиялик Лотар Маттеус, Мексика афсоналари Антонио Карбаҳал, Рафаэл Маркес ва Андрес Гуардадога тегишли бўлган натижани яхшилашади. Уларда бештадан мундиал бор.

Мексика миллий жамоаси дарвозабони Гилермо Очоа ҳам олтинчи бор жаҳон чемпионатига келган, аммо у жамоада учинчи рақамли дарвозабон ҳисобланади ва майдонга тушиши эҳтимоли деярли йўқ.