Жаҳон | 09:05 / 25.10.2019
15265
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған АҚШдан суриялик курдлар қўмондонининг топширилишини талаб қилди

Фото: Anadolu Agency

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ Анқарага “Сурия демократик кучлари” курд-араб альянси қўмондони Мазлум Кобани Абдини топшириши кераклигини айтди.

Эрдўған Германия, Франция ва АҚШнинг Абди билан учрашган етакчилари ва сиёсатчиларини танқид қилган. 

“Мазлум деб номланувчи террорчи Интерполнинг “қизил огоҳлантириши” бўйича қидирилмоқда. АҚШ уни бизга топшириши керак. Мен адлия вазирига террорчи Мазлумнинг АҚШдан топширилиши бўйича сўровни тайёрлашга кўрсатма бердим”, деб айтган Эрдўған. 

Туркия ОАВнинг маълум қилишича, Анқара Абдини 2008 йилда Туркия жанубида 17 аскар ҳалок бўлишига олиб келган ҳужум учун жавобгар деб ҳисоблайди. 

Эрдўған АҚШ президенти Дональд Трамп Абди билан хат ёзишиб туришидан ва унинг хатини Эрдўғанга “аҳмоқлик қилмаслик” ҳақидаги хати билан бирга жўнатганидан аччиқ билдирган.

Бундан ташқари, Эрдўған Анқара Суриянинг Манбиж шаҳрида кузатув ва назорат функцияларини амалга оширишини маълум қилган.

Туркия президенти, шунингдек, АҚШга Трамп таклифига кўра 13 ноябрда ташриф буюрмоқчилигини тасдиқлаган.

Мавзуга оид