Ўзбекистон | 09:48 / 25.10.2019
3109
6 дақиқада ўқилади

«Узлуксиз таълим» ахборот тизими жорий этилади

Таълим ташкилотлари, педагог ходимлар, таълим олувчилар, таълим-тарбия жараёни ва бошқа зарур ахборотлар тўғрисида ягона маълумотлар базасидан иборат ахборот тизими жорий этилади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қуйидагилар:

2018-2021 йиллар учун ЮНЕСКО ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумда Олий таълим соҳасида малакани тан олиш бўйича Осиё – Тинч океани минтақавий конвенциясининг (Токио конвенцияси) Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилиниши юзасидан устувор мақсад белгиланган;

Токио конвенцияси чет давлатларда педагог ходимлар, тадқиқотчилар ва талабаларнинг чегаралараро мобиллиги масаласини сиёсий ва амалий жиҳатдан уйғунлаштириш имкониятларини яратишга қаратилган ҳужжат бўлиб, унга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири аъзоликка даъвогар давлатда Миллий ахборот маркази (National information center) ташкил этилиши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлигининг таълим ташкилотлари, педагог ходимлар, таълим олувчилар, таълим-тарбия жараёни ва бошқа зарур ахборотлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантиришни ўз ичига олган таълим сифатини таъминловчи қуйидагилардан иборат “Узлуксиз таълим” ахборот тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан мактабгача таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизими”;

б) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда тизимида тегишли таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Умумий ўрта таълимни бошқариш ахборот тизими” ва “Мактабдан ташқари таълимни бошқариш ахборот тизими”;

в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан:

ўрта махсус таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Ўрта махсус таълимни бошқариш ахборот тизими”;

тизимида бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларга оид маълумотлар киритиладиган – “Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълимни бошқариш ахборот тизими”;

тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда олий таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Олий таълимни бошқариш ахборот тизими”;

г) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан касбга ўқитиш марказларига оид маълумотлар киритиладиган – “Касбга ўқитишни бошқариш ахборот тизими”;

д) Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан олий таълимдан кейинги таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Олий таълимдан кейинги таълимни бошқариш ахборот тизими”;

е) тизимида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таълимни бошқариш ахборот тизими”;

ж) Давлат инспекцияси томонидан нодавлат таълим ташкилотларига оид маълумотлар киритиладиган – “Нодавлат таълимни бошқариш ахборот тизими”.

Ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва келгусида юритишни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 15 нафардан иборат Давлат инспекциясининг “Узлуксиз таълим” миллий ахборот маркази ташкил этилади.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ахборот тизимига маълумот киритиш бўйича манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилиш, уларга тегишли маълумотлар базасига кириш ҳуқуқини берадиган логин ва пароллар бериш;

ахборот тизимининг мунтазам тарзда онлайн ишлашини таъминлаш, маълумот киритилишининг тизимли мониторингини олиб бориш ҳамда маълумотларни алмашиш жараёнини мувофиқлаштириш;

ахборот тизимига киритилаётган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда экспертизадан ўтказиш ва таҳлил қилиш;

ахборот тизимини ташкил этадиган маълумотлар базаларига ҳаққоний маълумотларнинг тўлиқ ва сифатли киритилишини таъминлаш, ҳисобга олиш ва статистикасини юритиш;

хорижий давлатларнинг, шу жумладан Токио конвенциясини ратификация қилган давлатларнинг миллий ахборот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро ахборот алмашишни таъминлаш;

ахборот тизимига киритилган маълумотларнинг чет тилларига таржима қилинишини ташкил этиш ҳамда ахборот тизимига давлат тили билан бир вақтда киритиб борилишини таъминлаш;

ахборот тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Қуйидагилар ахборот тизимини яратиш ва жорий қилиш
чора-тадбирларини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тизимида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

таълим ташкилотларининг ўз маблағлари;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларининг грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид