Жамият | 16:02 / 29.10.2019
25969
3 дақиқада ўқилади

«Бу зўравонлик эмасми?!» — Самарқандда хусусий мулк бузилиб, эгаллаб олинган

Kun.uz таҳририятига келган мурожаат билан танишиш давомида дастлаб воқеага бироз шубҳа ҳам пайдо бўлди. Чунки, XXI асрда, қонун-қоидалар билан (куч билан эмас) бошқариладиган мамлакатда фуқаро бошқа бир фуқаронинг мулкини тортиб олиб бино қуришига ишониш қийин-да.

Аммо ўрганишлар Самарқандда аслида ҳам худди шундай воқеа бўлганини кўрсатмоқда.

Бино эгаси Ваҳоб Воҳидовнинг вакили Мунира Воҳидова мурожаатда зўравонлик ҳолати ҳақида баён қилган.

«Самарқанд шаҳридаги Ал-Хоразмий кўчасида жойлашган қаҳвахонага 2016 йилдан бери қонуний эгалик қилиб келамиз. Мен сафарда бўлган вақтимда, 2018 йил декабрь ойида Т.М. томонидан ўзбошимчалик билан аввалига биномизнинг атрофи кавлаб ташланиб ишлаб бўлмайдиган ҳолатга келтирилди. Кейин тўлиқ бузиб ташланди.

Келиб ўша бузган одамни топиб гаплашсам, аввалига «бинони қайта қуриб бераман», деди. Кейин эса биномиз ўрнидан қурилган меҳмонхонасидан жой беришини айтди. Бировнинг мулкини тап тортмай бузиб эгаллаб олган одам ҳарҳолда унинг биноси ичида тинч ишлагани ҳам қўймаслиги тайин. Шу сабабдан бунга кўнмадим.

Т.М. эса қаерга мурожаат қилсам, келган вакилларга «ўрнига бино қуриб бердим», деб келмоқда. Ахир, қонунчилигимизда истаган одамнинг мулкини бузиб, ўрнига бузган одам хоҳлаган жойдан бино таклиф қилиш ёки «тўлайдиган пулим йўқ», деб туриб олиши мумкинми? Бу зўравонлик эмасми?! Мен рози эмасман-ку у таклиф қилган жойга?», — демоқда Мунира Воҳидова.

Бино эгасининг нажот сўраб Самарқанд шаҳар ички ишлар идораларига ёзган аризаси ўрганилиб, жиноят таркиби аниқланмагани сабабли жиноят иши қўзғатишдан рад қилиш қарори қабул қилинган.

Ҳолбуки, бу хатти-ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддаси билан квалификация қилинади.

Ҳартугул, Самарқанд шаҳар прокуратураси ИИБнинг қарорини терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлиқ ўтказилмагани, қарор шошма-шошарлик билан қабул қилинганини билдириб, у қарорни бекор қилган. Прокуратура томонидан иш ҳужжатларини қўшимча ўрганиш учун қайта ИИБга юборилган.

Фуқаронинг мурожаати Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам ўрганилган. Ҳокимлик жавоб хатида ҳақиқатан ҳам Т.М. томонидан бировнинг мулки бузиб ташлангани тасдиқланиб, бузилган иморат йил якунига қадар Т.М. томонидан қайта тиклаб берилиши кафолатланади, дейилган. Аммо «қайта тиклаб берилиши кафолатланган» бино ўрнида ҳозир Т.М. қурган меҳмонхона қад кўтариб турибди.

Меҳмонхона ичидан таклиф қилинган бир неча хонани олишга эса икки қаватли кафесидан айрилган М.Воҳидова рози эмас. 

Тадбиркорнинг мулки бузиб ташланиш арафасида

Бузилган бино ўрнида қурилган меҳмонхона

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид