Жаҳон | 04:00 / 29.10.2019
27656
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Бағдодий яширинган уй унинг ёрдамчиси орқали топилган

Фото: Reuters

ИШИД террорчилик гуруҳи раҳнамоси Абу Бакр ал-Бағдодийни қўлга олиш учун ўтказилган операцияда керакли маълумотларни Ироқ разведкасига унинг ёрдамчиси берган. Бу ҳақда Reuters ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Бағдодийни таъқиб қилиш 2018 йил февраль ойидан бошланган. Айнан шу вақтда унинг ёрдамчиларидан бири Исмоил ал-Итавий (У 2006 йилда «Ал-Қоида» аъзосига айланган, 2008 йилда АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олинган ва тўрт йил қамоқда сақланган. Қамоқдан чиққанидан кейин Бағдодий томонидан ал-Итавийга ИШИД жангариларининг бошлиқларини тайинлаш ҳуқуқи берилган) туркиялик ҳарбийлар томонидан қўлга олиниб, Ироқ разведкасига топширилган ва Бағдодийнинг ишонган командирларидан бўлган Итавий сўроқ давомида хўжайини ҳақида маълумот берган. Аввалига Итавий Идлибдаги бозорлардан бирида Ироқ разведкачиларининг эътиборини тортади.

Разведкачилар Бағдодийнинг ишонган одамларидан бўлган Итавийни унинг сурати билан солиштириб, аниқлашади. Итавий бозордан чиқиб, ўша вақтда Бағдодий яшаши тахмин қилинган уйга боради ва шундан ИШИД раҳнамосини таъқиб қилиш бошланади. Кўп ўтмай, Итавий қўлга олинади ва ироқлик разведкачиларга керакли маълумотларни айтади.

«Итавий операция давомида керакли бўлган маълумотларни айтди. Бу маълумотлар асосида уни таъқиб қилиш ишлари олиб борилди. Итавий Бағдодийга алоқадор 5 кишининг маълумотларини берди. Улар орасида Бағдодий билан Сурияда учрашган одам ҳам бор эди»,— деган Reuters`га Ироқ разведкасидаги манбаси.

 

Бағдодий у яшаётгани тахмин қилинган уйдан Идлибга оиласи билан кўчаётганида ИШИД етакчиси айнан ўша ерда экани аниқланади. Ироқ разведкачилари Бағдодий ҳақидаги барча маълумотларни АҚШ Марказий разведка бюросига беришади. Белгиланган жой Бағдодийнинг координатаси экани аниқ бўлгач, Яқин Шарқда бўлиб турган АҚШ ҳарбийлари 8 та вертолётда операция ўтказиш учун етиб келишади ҳамда Бағдодий йўқ қилинади.

Бу операциядан сўнг Бағдодийнинг «итдай ўлим топганини айтган» АҚШ президенти Дональд Трамп ИШИД етакчисини қўлга олишда Ироқ, Туркия ва Россиянинг ҳам хизматлари катта эканини таъкидлаганди.

Мавзуга оид