16:20 / 29.10.2019
0
3308

Ўзбекистонда 10 ойда 9 миллиондан кўпроқ киши «Тез ёрдам»га мурожаат қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги шошилинч ва «Тез ёрдам» хизмати бўйича жорий йилнинг 10 ойида 9 миллиондан ортиқ мурожаатлар қондирилгани ҳақида маълумот берди.

«Мамлакатимизда аҳолига замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шаклланган ўзига хос тузилмалардан бири шошилинч ва «Тез ёрдам» тизимидир. Кейинги 3 йил мобайнида тиббиётнинг турли йўналишлари каби бу соҳани ривожлантириш бўйича ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, президентимизнинг бу йўналишда қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, мазкур тизимнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди.

Шу билан бирга, соҳанинг моддий-техника базаси ҳам йил сайин янгиланяпти. Жумладан, 2018-2019 йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиалларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 62,33 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилди. Инвестиция дастури доирасида 202,1 млрд. сўм маблағ ҳисобидан жорий йилда РШТЁИМ ҳудудида кардиохирургия, трансплантология ва нейро-қон томир хирургияси бўлимлари учун янги беш қаватли бино қурилиши бошланди», дейилади вазирлик хабарида. 

Ўтган қисқа вақт мобайнида тез ёрдам хизмати ҳам тобора замонавийлашиб боряпти. Кейинги йилларда тез ёрдамнинг махсус санитар автотранспорт парки янгиланди. Бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин «Nissan», «Hyundai», «Toyota» русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Янги ҳарид қилинган 281та реанимобиллар 4,1 млн. АҚШ доллари миқдоридаги зарур асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. 2019 йилда яна 150та тиббий асбоб-ускуналар ва алоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган «Ford» русумидаги реанимобиллар харид қилинди. 

«Бундай кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб боряпти. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионтани ташкил қилган бўлса, 2017 йилда – 8,7 миллион, 2018 йилда эса 9,8 миллионтага етган. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи ичида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган», — дейди шошилинч ва тез тиббий ёрдам масалалари бўйича маҳаллий координатор Обиджон Дилмуродов.

Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига ҳам мурожаатлар кўпаймоқда.

«Жумладан, 2017-2019 йилларда ушбу шифо масканларига 7,5 миллион дан зиёд бемор мурожаат қилган. Улардан 2,5 миллион нафари стационар, 5 миллиондан ортиғи эса амбулатор тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлган. Стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғига юқори технологик хирургик амалиётлар бажарилган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top