Вьетнамдан Британияга: катта пул эвазига ўлим билан якунланган саёҳат
Ўтган ҳафтада Англиянинг Эссекс графлигида юк машинасидан топилган жасадлар катта эҳтимол билан Вьетнам фуқаролари бўлишган.
Британия полицияси чоршанба куни Англия шарқидаги Эссекс графлигининг Грейс шаҳарчасидаги саноат зонасида турган юк машинаси ичидан 31 эркак ва 8 аёлнинг жасадини топганди. Бу иш бўйича текширув ишлари давом этмоқда. Қурбонлар орасида Вьетнам фуқаролари ҳам бўлгани тасдиқланди. Рейтер хабарига кўра, Вьетнам полицияси қариндошлари ушбу юк машинасида бўлганини тахмин қилаётган вьетнамликларнинг ДНК маълумотларини йиғмоқда.
Марҳумларнинг қариндошлари журналистлар билан боғланиб, вьетнамликлар юк машинаси юкхонасида жўнатилгани ҳақида хабар қилишган.
«Жуда афсусдаман, жуда афсусдаман, ойи ва дада, менинг бошқа мамлакатга сафарим омадсизлик билан якунланмоқда. Мен ўляпман, нафас ололмаяпман. Мен сизларни жуда севаман», - дея ёзган 26 ёшли Фам Тхи Ча Ми.
Қизнинг акаси Би-би-си мухбирига у контрабандачиларга Британияга олиб бориши учун 30 минг фунт тўлагани ҳақида айтиб берган.
19 ёшли Буй Тхи Ньгуннинг яқинлари ҳам ташвишга тушишган. У 39 киши орасидаги энг ёш йўловчи бўлган бўлиши мумкин.
Вьетнам нашрларида ёзилишича, Эссексдаги воқеа билан бир вақтда Вьетнамдаги 20га яқин оила ўз яқинлари билан алоқа боғлай олмаётгани ҳақида маълум қилган.
Улар нима учун Вьетнамдан кетишади?
Вьетнамликлар аксар ҳолатларда Буюк Британияга ишлаш учун келишмоқда. Нима учун улар бундай қиммат ва хавфли саёҳатга отланишади?
«Ҳозир Вьетнам - иқтисоди гуллаб-яшнаётган давлат, аммо ҳаммага ҳам бу ерда яхши иш топилмайди. Вьетнамда ишчи кучи кўп ва ишсизлик юқори», дейди Би-би-сининг Вьетнам хизмати раҳбари Хазянг Нгуен.
БМТ маълумотларига кўра, Вьетнам мамлакат аҳолиси даромадини сезиларли даражада оширган. Аммо бир жиддий муаммо бор - бой ва камбағал одамлар даромадлари орасидаги фарқ ўсиб бормоқда.
Бундай дисбаланс аҳолининг турли ижтимоий қатламларига қараб ҳам, ким қайси минтақада яшашига қараб ҳам кузатилади.
«Вьетнамдан Европага, хусусан Британияга келувчи меҳнат муҳожирлари асосан ушбу мамлакатнинг бир неча қашшоқ ҳудудларига мансубдир», дейди Хошимин шаҳрида контрабандага қарши кураш бўйича эксперт Мими Ву.
«Сўнгги ўн йилликларда бу ҳудудларда четга кетиш урф бўлди. Одамлар ўз оиласига пул юбориш учун чет давлатларга ҳам қонуний йўл билан, ҳам ноқонуний йўллар билан жўнаб кетишади», дейди Мими Ву.
Сўнгги 10 йил давомида вьетнамлик меҳнат муҳожирларнинг аксари мамлакат шимолидаги Хайфон шаҳри ва Куангин провинцияси шимоли-шарқи орқали Британияга келиши кузатилган. Аммо сўнгги бир неча йилда марказдаги Нгеан, Куангбин ва Хатин провинцияларидан ноқонуний муҳожирлар оқими ҳам ортди.
Экспертларнинг баҳолашича, ҳар йили ўртача 18 минг нафар атрофидаги вьетнамлик Европага йўл олади, яна минг нафарга яқини АҚШга.
Нега айнан Британияга?
Меҳнат муҳожирлари учун Вьетнамдан Британияга бориш Европага бўлган йўналишларнинг асосийсидир.
Оксфорд университетида сиёсий социологиядан дарс берувчи Тамзин Барбернинг айтишича, улар Британияда осонлик билан катта маош тўланадиган ишларни топишлари мумкин.
Шунингдек, Британияда вьетнамликларнинг катта жамоалари мавжуд ва бу жамоалар раҳбарлари янги келган ватандошларига бошпана ва иш топишда ёрдам кўрсатишади.
Янги келганлар биринчи навбатда Вьетнам ресторанлари, шунингдек, маиший хизматлар кўрсатиладиган салонларга ишга жойлашишни кўзлашади. Айримлар эса марихуана савдоси билан шуғулланувчи тармоқларга қўшилиб қолиши ҳам мумкин.
Вьетнамликларнинг аксари жисмоний меҳнат талаб қиладиган ишларда ишлашади - балиқчилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида, шунингдек бошқа мавсумий ишларда. Албатта, ўз бизнесини йўлга қўйганлар ҳам топилади. Фақат саноқлилари ишсиз қолишади.
Барбернинг сўзларига кўра, ҳозирда малакаси йўқ муҳожирлар учун Вьетнамдан Британияга келишнинг қонуний йўллари йўқ. Шу туфайли, бундай мигрантларда хавфли йўлни танлашдан бошқа йўл қолмайди.
Британияга сафар қанчага тушади?
Европага боришни истовчилар анчагина катта пул тўлаши керак бўлади, аммо бундай тўловлар фарқлича бўлиши ҳам мумкин.
Масалан, қашшоқлар 10-15 минг доллар тўлайди. Уларни машаққатли йўл кутади. Баъзида, йўлнинг бир қисмини пиёда босиб ўтишга тўғри келиши ҳам мумкин - масалан, тунда ўрмон орқали юриш.
40-50 минг доллар тўлай оладиганларга эса контрабандачилар самолёт учун чипта сотиб олиб беришади.
Қайд этиш керакки, 40 минг доллар жамғариш учун қишлоқда яшовчи вьетнамлик 30 йил ишлаши керак бўлади.
«Бу астрономик сумма, аммо айрим оилалар Европага етиб олиб, болалари учун яхшироқ келажакда яшаши учун шунча пулни тўлаш ўзини оқлайди, деб билишади. Вьетнамда оила жуда муҳим, шунинг учун ҳамма ўз оиласи учун ҳаракат қилади», дейди Мими Ву.
БМТ маълумотларига кўра, Вьетнамдан Европага ноқонуний олиб бориш билан шуғулланувчи контрабандачилар бир йилда 300 миллион доллар атрофида пул ишлаб олишади.
Вьетнамлик йўл учун пулни оиласи ва танишларидан олади. Айримлар эса жуда юқори фоиз эвазига норасмий кредит олишга мажбур бўлади.
Европага етиб олишга биринчи уриниш омадсизликка юз тутса ҳам улар яна бир бор уриниб кўришлари оддий ҳолатдир, чунки бу улар учун қарзга олинган пулни қайтаришнинг ягона имконидир.
Барбернинг сўзларига кўра, баъзилар контрабандачилар билан ҳисоб-китоб қилиш учун ўз ерлари ва кўчмас мулкларини сотади.
Вьетнамдаги оилалар бундай таваккал қилишига сабаб Европага боришни оилани таъминлаб қўйиш имкони деб кўришидадир, дейди мутахассис.
Улар Британиягача қандай етиб олишади?
Вьетнамликларни Европага ташиш билан шуғулланадиган контрабандачилар асосан икки вариант - «премиум» ва «тежамкор» вариантларни таклиф қилишади, дейилади Буюк Британиянинг қулликка қарши мустақил комиссари ҳисоботида.
«Премиум» вариантда йўл хавфсиз бўлади ва анча кам вақт олади - бу асосан тўғридан-тўғри парвозлар орқали бўлади.
Вазиятлардан бирида шундай пакетлардан бирига тўлов қилган кишига Шенген бизнес-визаси расмийлаштирилиб, Парижгача чипта олинган. Францияда унга ижарага уй олинган.
Лекин «тежамкор» вариантини танлаганлар йўл учун бир неча ой сарфлаши мумкин.
«Аммо сиз қайси тоифа учун пул тўлаганингиз муҳим эмас, барибир йўлнинг сўнгги қисмида чегарани юк машинаси юкхонасида кесиб ўтишингизга тўғри келади», дейди Мими Ву.
Британияга йўл олган Вьетнам фуқароларининг аксари Россия ва Шарқий Европа ҳудуди орқали ўтади. Улар йўлни Хитой орқали бошлашади.
Хитой, Россия, Польша, Германия ва Франция - Британияга борувчи вьетнамликлар учун транзит мамлакатлардир.
Улар йўлдаги мамлакатларда ушланиб қолишлари ҳам мумкин, масалан, Польша ёки Украинада - қийин ишларни бажаришга рози бўлиб бир муддат ишлашлари мумкин. Бу ерларда улар йўлнинг кейинги қисмига пул йиғиш ёки контрабандачилар билан ҳисоб-китоб қилиш учун ишлашади.
Йўлнинг сўнгги қисми - Франциядан Британияга ўтиш. Бу ерда мигрантлар контрабандачиларга ўзларини портда турган юк машиналарига унинг ҳайдовчиси ҳам кўра олмайдиган қилиб жойлаштиришлари учун пул тўлашади.
Ички ишлар вазирлиги ҳисоботига кўра, контрабандачилар ўзлари Британияга ташиган Вьетнам фуқароларини амалда қуллик шароитларида ишлашга мажбурлагани ҳолатлари маълум бўлган.
Ноқонуний мигрантлар Европага бориш йўлида тез-тез зўравонликлар билан тўқнашади. Қизлар ва аёллар жинсий тажовузга учрашади.
Мавзуга оид
15:24
Туркияда одам савдоси қурбонига айланган ўзбекистонликка ёрдам кўрсатилди
22:30 / 25.10.2024
Хитойда 17 болани ўғирлаб сотган аёл ўлим жазосига ҳукм қилинди
15:55 / 09.10.2024
Тошкентда инсон аъзолари олди-сотдиси билан шуғулланган талаба жиноий жазога тортилди
20:17 / 27.09.2024