Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“АҚШ элитасига ҳам ички, ҳам ташқи ишончсизлик ортяпти” — таҳлилчилар Эпштейн иши ҳақида
Жеффри Эпштейн иши бугун АҚШ сиёсатида энг кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Эълон қилинаётган файллар молиявий ва сиёсий элита вакиллари ўртасидаги ёпиқ алоқаларни очиб беряпти. Натижада ҳам Америка жамияти, ҳам дунё миқёсида АҚШ элитасининг обрўйи тўкилиб боряпти.
Бу ҳақда Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Исломхон Гаффаров сўз юритди.
Камолиддин Раббимов: Жeффри Эпштейн – бугун АҚШ ички сиёсий майдонида энг катта резонанс уйғотган масалалардан бирига айланган. Америка жамиятида асосий савол шундан иборат: Эпштейн файлларида кимларнинг исми тилга олинган, улар қайси эпизодлар сабаб қайд этилган ва бу шахсларнинг жиноятларга алоқадорлик даражаси қандай?
Қисқача айтганда, Жеффри Эпштейн университетни эндигина битирган пайтидаёқ молия тизимига кириб келган. У аслида молия соҳасида таҳсил олмаган, балки математика ўқитувчиси бўлган. Маълум вақт хусусий мактабларда бой ва нуфузли оилаларнинг фарзандларига репетиторлик қилган. Айнан шу жараёнда у ўқувчиларнинг ота-оналари билан яқин алоқалар ўрнатиб, молиявий муҳитга кириб боришга муваффақ бўлган. Унинг математик салоҳияти ва интеллектуал қобилияти юқори бўлгани айтилади. Вақт ўтиши билан Эпштейн молиявий схемаларини кенгайтириб, катта маблағлар билан ишлай бошлайди ва аста-секин АҚШ сиёсий элитасига яқинлашади. Бу жараён охир-оқибат уни юқори даражадаги сиёсий ва молиявий доиралар билан чамбарчас боғлаб қўяди.
Кейинчалик у АҚШнинг Виржиния оролларидан кичик хусусий оролни сотиб олади. Бу орол Эпштейн фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Бу ерда аэропорт бўлмаган, оролга асосан вертолёт ёки кичик самолётлар орқали етиб борилган. Орол ёпиқ ҳудуд бўлгани сабабли, оммавий ахборот воситалари у ерда нималар содир бўлаётганини кузата олмаган.
Тропик ҳудудда жойлашган бу масканда АҚШ ва Ғарб элитасининг вакиллари учун ёпиқ, норасмий тадбирлар ўтказилгани айтилади. Эпштейн айнан шу йўл орқали ишонч қозониб, ўз бизнес манфаатларини илгари сурган. ОАВ ва тергов материалларида фақат АҚШ эмас, балки Европа элитасига мансуб айрим шахсларнинг ҳам бу орол билан алоқадорлиги тилга олинади. Жумладан, Буюк Британия қироллик оиласи аъзоси, ҳозирги қирол Чарлс IIIнинг укаси шаҳзода Эндрю билан боғлиқ можаро кенг муҳокама қилинган. Бу алоқалар фош бўлгач, у барча қироллик унвонлари ва имтиёзларидан маҳрум этилган.
Эпштейн 2019 йилда қамоқда, ўз жонига қасд қилиб вафот этгани ҳақида расмий маълумот берилган. Лекин унинг ўлими, жасади қаерга қўйилгани ва воқеа тафсилотлари бўйича очиқ ва аниқ жавоблар йўқлиги – фитна назарияларининг кучайишига сабаб бўлди.
Эпштейн тириклигида унга нисбатан бир неча жиноят ишлари очилган, айрим ҳолатларда у айбдор деб топилган. Тергов жараёнида АҚШ Федерал Қидирув Бюроси жуда катта ҳажмдаги ҳужжатлар ва материалларни жамлаган. Ушбу “Эпштейн файллари”ни ошкор қилиш талаби йиллар давомида сиёсий баҳс мавзуси бўлиб келган. Ҳокимиятда қайси партия бўлишидан қатъи назар, қарама-қарши сиёсий кучлар бу ҳужжатларнинг очиқланишини талаб қилиб келган. Охир-оқибат АҚШ Конгресси бу файлларини тўлиқ эълон қилиш ҳақида қарор чиқарди ва аниқ муддат белгилади. Ҳужжатлар дастлаб декабр охири ёки январ бошида эълон қилиниши керак эди, бироқ жараён тахминан бир ойга кечикди.
Исломхон Гаффаров: Сўнгги кунларда бу воқеа катта шов-шувга сабаб бўлди. Бироқ масалага кенгроқ нуқтайи назардан қаралса, Эпштейн билан боғлиқ можаро кеча ёки бугун пайдо бўлган ҳодиса эмас. Бу масала 1990 йиллардан буён вақти-вақти билан кўтарилиб келмоқда. Хусусан, 1996 йилда биринчи жиддий шикоятлар пайдо бўлган, ота-оналар томонидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаатлар йўлланган. Кейинчалик 2005 йилда Palm Beach билан боғлиқ воқеалар яна кун тартибига чиққан. 2019 йилда Эпштейннинг қамоқда вафот этиши масалани янада кескинлаштирди. Эндиликда эса, 2025 йил охири ва 2026 йил бошига келиб, ушбу можаро ўзининг энг юқори нуқтасига етди.
Бу ҳолат Америка жамиятида илдиз отиб келаётган муаммоларни юзага чиқарди. Яъни гап бирданига пайдо бўлган битта ҳодиса ҳақида эмас, балки йиллар давомида шаклланган тизимли муаммо ҳақида кетмоқда. Бугунги кунда АҚШда кенг жамоатчилик орасида норозилик кайфияти кучайиб бормоқда. Энг асосий сабаб – сиёсий элитага бўлган ишончнинг кескин пасайишидир.
Қўшма Штатлар ўзини дунёга кучли фуқаролик жамияти ва қонун устуворлиги мавжуд бўлган давлат сифатида намоён қилиб келади. Аммо амалда парадоксал ҳолат юзага чиқмоқда: қонун ва мажбуриятлар асосан оддий фуқаролар, ўрта ва қуйи қатлам учун ишлаётгандек, сиёсий ва молиявий элита эса деярли жавобгарликсиз ҳаракат қилаётгандек таассурот уйғотмоқда. Айнан мана шу тенгсизлик ҳисси жамиятда кучли резонанс келтириб чиқармоқда.
Мазкур можаро сиёсий партиялар мувозанатига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Анъанавий равишда жинсий ва ахлоқий можаролар демократлар партияси билан боғлаб келинарди. Бугунги вазиятда эса тарихий парадокс юзага келмоқда, энди демократлар республикачиларга қарши худди шундай сиёсий қуролга эга бўлиб қолмоқда. Чунки ҳозир давлат тепасида турган шахс Доналд Трамп аввалги президентлардан кам бўлмаган даражада баҳсли ва можароли фигурага айланган. Эпштейн иши демократлар учун қулай сиёсий имконият яратмоқда.
Бу, айниқса, йил охирида бўлиб ўтадиган Конгресс ва Сенат сайловлари фонида муҳим аҳамият касб этади. Жамоатчилик орасида шундай қараш шаклланмоқдаки, Эпштейн билан боғлиқ жараёнлар республикачилар томонидан ёпилган ёки камида уларга кўз юмилган. Агар ушбу кайфият сақланиб қолса, демократлар Сенат ва Вакиллар палатасида яна устунликка эришиши эҳтимоли юқори. Ҳозирги вақтда АҚШда қонунчилик ҳокимияти, ижро механизми ва Олий суд устидан республикачилар сезиларли назоратга эга. Бу ҳолат Доналд Трампга ички ва ташқи сиёсатда кенг манёвр имкониятини бермоқда. Эпштейн иши эса ушбу мувозанатни издан чиқариши, сиёсий вазиятни кескин ўзгартириши мумкин.
Бундан ташқари, можаро АҚШнинг халқаро майдондаги имижига ҳам жиддий зарба бермоқда. Қўшма Штатлар йиллар давомида инсон ҳуқуқлари, демократия ва либерал қадриятларни ҳимоя қилиш баҳонасида бошқа давлатларга босим ўтказиб келган. Ироқ, Афғонистон ва Яқин Шарқдаги аралашувлар ҳам айнан шу тамойиллар билан изоҳланган. Бу қадриятларни тарғиб қилаётган давлат элитасининг ўзи шундай жиддий жиноят ва ахлоқий можароларга аралашиб қолаётгани – АҚШнинг давлатчилиги ва ташқи сиёсий обрўсига путур етказмоқда.
Бу ҳолат АҚШга қарши бўлган ёки авторитар бошқарувга эга давлатлар учун қўшимча далил вазифасини бажармоқда. “Агар Американинг ўзи шундай бўлса, ундан нимани ўрганиш мумкин?” деган саволлар халқаро майдонда тобора кўпроқ янграй бошлади.
Мавзуга оид
22:26 / 03.02.2026
Трамп Ҳарварддан миллиард доллар «товон пули» талаб қилди
21:43 / 03.02.2026
Украина Европа ва АҚШ билан келажакда Россияга ҳарбий жавоб чораларини келишиб олди
20:44 / 03.02.2026
Эпштейн досьеси. Янги эълон қилинган файлларда қандай янги гаплар бор?
19:54 / 03.02.2026