19:40 / 30.10.2019
2
14887

Қўқондаги кўприк остида беҳуда оқиб ётган ичимлик сувига ким жавобгар?

Халқимизда «Уммон олдида турсанг ҳам, бир томчи сувни исроф қилма!», деган нақл бор. Ушбу нақлга амал қилиб, сувни тежаш, уни исроф қилмаслик ҳақида кўп гапирамиз. Лекин жойларда соҳа мутасаддиларининг бепарволиги оқибатида ичимлик сувининг беҳуда оқиб ётаётгани ҳақида аҳоли томонидан кўплаб мурожаатлар келмоқда.          

Мурожаат бўйича Қўқон шаҳрида бўлдик. Қўқон шаҳри ва Данғара туманлари ўртасидан Қўқонсой (Қоракўрпасой) канали ўтган. Форобий кўчасидаги Қўқонсой канали кўприк остидан ўтган магистрал тармоғидаги ичимлик суви Қўқон шаҳри, Навоий мавзеси, Янгибозор, Шиша бозор, Урганжибоғ, Данғара туманининг «Чодаклик» МФЙ ва бошқа ҳудудларга ўша жойдан тақсимланади.

Kun.uz сайтига мурожаат йўллаган Мақсуджон Қодиров билан бирга бориб муаммони ўргандик. Магистрал ичимлик суви тармоғидан бир неча кичик тармоқларга сув тақсимланган экан. Бироқ тармоқ тизими ўтган «труба»лар эскиргани туфайли кунига минглаб кубометр, соатига 5-6 тоннадан зиёд ичимлик суви исроф бўлиб, каналга оқиб кетаётганига  гувоҳ бўлдик.

Кўприк остидаги сув «линия»лари тешилиб, ачинарли ҳолатга келиб қолган. Тўпланиб кетган чиқиндилар уюми орасидан эса сув булоқ бўлиб тошиб оқаётган манзарани кўриш мумкин эди. 

Аҳоли вакиллари бу масала бўйича Қўқон шаҳри «Сувоқова» ташкилотига бир неча бор мурожаат қилинганини айтишди. Лекин шу пайтгача ҳеч қандай чора кўрилмаган.

«Нима ҳам дердик, маҳалламизда ичимлик сув бўйича деярли муаммо йўқ. Гоҳ-гоҳида босим пасайиб кетади. Ёзда сув тушмай қолди. Лекин шу кўприк олдидан ўтаётганимда исрофгарчиликни кўриб ачинаман» - дейди «Чодаклик» маҳалласида яшовчи Қурбоной Қосимова.

Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қўқон шаҳар «Сувоқова» бўлимига бориб, ташкилот раҳбари ёки бошқа бирор жавобгар мутасаддини топа олмадик. Мижозлар билан ишлаш бўлими ходимлари ташкилот раҳбари Акрамжон Ирмановнинг телефон рақамини беришди. Мутасадди билан телефон орқали суҳбатлашганимизда, бу масалага ўша ҳудуд ходими билан гаплашиб аниқлик киритиб олишини сўради. Биз яна алоқага чиқишимизни айтдик.

Орадан бир кун ўтиб гаплашганимизда, исроф бўлаётган ҳолатни тушунтириб, ёз фаслида эса сув бўлмаганини айтганимизда эса бўлим раҳбари бизга аниқ маълумотни айтиш ўрнига, «сизларга ким айтди ўзи, мен билан юзлаша оладими?» дея қизиқишни бошлади. Ҳайрон қолдик, ташкилот раҳбарининг асосий вазифаси мурожаатчи кимлигига аниқлик киритиш эмас, балки мавжуд камчиликни тузатиб, тармоқни таъмирлаш эмасми?

Қўқон шаҳар «Сувоқова» ташкилоти мутасаддилари бу масалага жиддий эътибор беришини сўрардик.

Сарварбек Назаров

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top