15:50 / 31.10.2019
2
21627

Жалақудуқда теримчилар муаммоси: кластер нега пулни кечиктиряпти?

Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғи «Кўкалам» маҳалласидаги бир гуруҳ теримчи аёллар терилган пахта учун пуллари ўз вақтида берилмаётгани ҳақида мурожаат қилишди.

Далаларда катта меҳнат эвазига етиштирилган пахта ҳосилини нобуд қилмай териб олишда терим пуллари вақтида бериб борилиши жуда муҳим. Чунки қишлоқ аёллари учун даромад топадиган палла бу - пахта мавсумидир.

Жалақудуқ туманида пахта етиштириш кластер тизимига ўтган. Айни пайтда вилоятда режа бажарилган, лекин терим давом этяпти. Теримчилар кунига 35-45 килограммдан пахта териб, килосига минг сўмдан пул олаётгани оилалари учун ҳам яхши фойда келтиряпти.

Теримчилар алоқага чиқиб терим пулларини олишда ёрдам сўрашгач, Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғига бордик. «Кўкалам» маҳалласи гузарида 20 нафарга яқин аёл кутиб турган экан.

«Ойим қишлоғида ташкил қилинган 56-отрядда пахта мавсуми бошланганидан буён теримда қатнашмоқдамиз. «Ғанижон ҳожи ота», «Иззатилло ерлари» фермер хўжаликлари далаларида пахта тердик. Бошида терим пулларини ўз вақтида етказиб беришди. Лекин, 15-16-17-18 октябрь кунги терим пулларини олганимиз йўқ. Фермерларга ҳам мурожаат қилдик. Теримчи аёлларимиз фермернинг уйига бориб  ҳам келишди. Фермер «Банкдан пулни олганим йўқ!», деган жавобни беряпти. Маҳалла раисига ҳам кўп бора айтдик. Оқсоқолимиз «фермер банкдан пулни олса беради» дейди. Рўзғоримизга фойдаси тегсин, деб пахта теримида қатнашгандик», дейди теримчи Мавлудахон Қурбонова.

«Маҳалламиз оқсоқолининг тарғиботи билан пахта теримига чиққандик. Ўша тўрт кун давомида  жами 150-180 килограммдан пахта терганмиз. Шу ерда турган 20 нафарга яқин теримчи аёлнинг ўртача 150-180 минг сўмдан пулимиз бор», дейди яна бир теримчи Шоҳида Нишонова.

«Кўкалам» МФЙ раиси Фозилжон Отажонов отряд раҳбари экан. У ҳақиқатан теримчиларга пул берилмагани ва бу масала бўйича отряддаги фермерларга бир неча бор мурожаат қилганини айтди.

Шундан сўнг фермерлардан бирига микрофон тутдик.

«Кластер ҳисоб рақамида пули йўқлиги учун терим пулларини бера олмаяпти. Бошқа фермер хўжаликларида ҳам шу аҳвол. Бир ҳафтадан бери қатнайман. Куни кеча яна борганимда 3 кун ичида терим пулини қилиб берамиз деб ваъда беришди», дейди «Ғанижон ҳожи ота» фермер хўжалиги раҳбари Ғанижон Аҳмаджонов.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида банк томон йўл олдик. АТБ «Агробанк» Жалақудуқ филиали бошқарувчиси Умиджон Қодиров муаммога изоҳ берди.

«Филиалимиз пахта терими бошланганидан сўнг «Алёр текс» МЧЖ кластер корхонасига фонддан терим пули учун 9 миллиард 200 миллион сўм кредит ажратди. Орадан 10-15 кун ўтиб, кластер корхонаси билан терим пули берилишида яна муаммо пайдо бўлди. Масалани ҳал этиш учун корхонага тижорат кредити сифатида яна 7 миллиард 8 миллион сўм кредит ҳам расмийлаштирдик. Қолган терим пулини корхонанинг ўзи ҳам таъминлаши керак. Корхона ҳисоб рақамида молиялаштириш учун маблағ мавжуд эмас. Пул йўқ. Кластернинг айни пайтда терим пулларидан умумий қарзи 407 миллион сўмдан зиёд.

Банкда теримчиларга бериш учун етарли даражада нақд пул бор. «Агробанк» томонидан  терим мавсуми давомида нақд пул бўйича умуман муаммо бўлмади», дейди филиал бошқарувчиси.

Муаммо ечими «Алёр текс» МЧЖ кластер корхонасига бориб тақалгач, ушбу корхонага ҳам бордик. МЧЖнинг фермер хўжаликлар ҳисобчиси Дилёрбек Жўраев билан телефон орқали суҳбатлашганимизда, у ҳақиқатан ҳам айни пайтда корхона ҳисоб рақамида пул йўқлиги учун терим пулни бера олмаётгани, шу масала ечими бўйича ҳаракат олиб борилаётганини айтди.

Мана октябрь ойи якунланиб, пахта мавсуми ҳам поёнига етяпти. «Рўзғоримга, оиламга кўмак бўлсин», деб пахта терган аёллар терим пуллари йўқ бўлиб кетишидан хавотирда. Қишлоқ жойда 200 минг сўм пулнинг ҳам қадри баланд.

UPD: Мақолани тайёрлаш жараёнида «АЛЁРТЕКС» ҳисобчиси телефон орқали пахта пули эртагаёқ берилишини айтди.

Сарварбек Назаров, Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top