Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғи «Кўкалам» маҳалласидаги бир гуруҳ теримчи аёллар терилган пахта учун пуллари ўз вақтида берилмаётгани ҳақида мурожаат қилишди.

Далаларда катта меҳнат эвазига етиштирилган пахта ҳосилини нобуд қилмай териб олишда терим пуллари вақтида бериб борилиши жуда муҳим. Чунки қишлоқ аёллари учун даромад топадиган палла бу - пахта мавсумидир.
Жалақудуқ туманида пахта етиштириш кластер тизимига ўтган. Айни пайтда вилоятда режа бажарилган, лекин терим давом этяпти. Теримчилар кунига 35-45 килограммдан пахта териб, килосига минг сўмдан пул олаётгани оилалари учун ҳам яхши фойда келтиряпти.
Теримчилар алоқага чиқиб терим пулларини олишда ёрдам сўрашгач, Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғига бордик. «Кўкалам» маҳалласи гузарида 20 нафарга яқин аёл кутиб турган экан.

«Ойим қишлоғида ташкил қилинган 56-отрядда пахта мавсуми бошланганидан буён теримда қатнашмоқдамиз. «Ғанижон ҳожи ота», «Иззатилло ерлари» фермер хўжаликлари далаларида пахта тердик. Бошида терим пулларини ўз вақтида етказиб беришди. Лекин, 15-16-17-18 октябрь кунги терим пулларини олганимиз йўқ. Фермерларга ҳам мурожаат қилдик. Теримчи аёлларимиз фермернинг уйига бориб ҳам келишди. Фермер «Банкдан пулни олганим йўқ!», деган жавобни беряпти. Маҳалла раисига ҳам кўп бора айтдик. Оқсоқолимиз «фермер банкдан пулни олса беради» дейди. Рўзғоримизга фойдаси тегсин, деб пахта теримида қатнашгандик», дейди теримчи Мавлудахон Қурбонова.

«Маҳалламиз оқсоқолининг тарғиботи билан пахта теримига чиққандик. Ўша тўрт кун давомида жами 150-180 килограммдан пахта терганмиз. Шу ерда турган 20 нафарга яқин теримчи аёлнинг ўртача 150-180 минг сўмдан пулимиз бор», дейди яна бир теримчи Шоҳида Нишонова.

«Кўкалам» МФЙ раиси Фозилжон Отажонов отряд раҳбари экан. У ҳақиқатан теримчиларга пул берилмагани ва бу масала бўйича отряддаги фермерларга бир неча бор мурожаат қилганини айтди.















