12:29 / 31.10.2019
1
25269

Покистонда поезд ёниб кетиши оқибатида 60дан ортиқ киши ҳалок бўлди 

Покистонда йўловчи поезди ёниб кетиши оқибатида камида 64 киши ҳалок бўлди. Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, йўловчилар овқат тайёрлаш учун ишлатган газ баллони портлаб кетгач олов чиққан.

Олов дарҳол поезднинг учта вагонини қамраб олган. Ҳукумат маълумотига кўра, кўпчилик ёниб кетаётган поездан сакраши натижасида ҳалок бўлган.

Шунингдек, 30 киши жароҳатлангани айтилмоқда, ҳукумат қурбонлар сони ортиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Ҳодиса Панжоб вилояти ҳудудида, Раҳимёр-Хон шаҳри яқинида рўй берди. Поезд Карачи шаҳридан Равалпиндига томон ҳаракатланаётганди.

«Иккита газ плиткаси портлаган. Уларда овқат қилинган, овқат учун ишлатилган ёғ туфайли олов тез отарқалган», - деган Покистон темир йўл вазири Шайх Рашид Аҳмад.

Унинг сўзларига кўра, темир йўл рейсларида газ орқали ишлайдиган бундай плиталардан фойдаланиши кенг тарқалган муаммодир. Вазирнинг қўшимча қилишича, поезддаги йўловчиларнинг аксари диний конференцияга кетаётганди.

Покистон темир йўлларида кўплаб кишилар ўлими қайд этилган ҳодисалар кўп марта кузатилган. Аксар ҳолатларда поездлар керагидан ортиқ йўловчи олиши туфайли нохуш ҳодисалар рўй беради.

Июль ва сентябрь ойларида Покистон темир йўлларидаги нохушликлар туфайли 15 киши ҳалок бўлган. 2007 йилда Меҳробпур шаҳри яқинида авария содир бўлиши оқибатида 56 киши ҳалок бўлган ва 120 киши жароҳатланганди.

2005 йилда Синд вилоятида Покистон темир йўллари тарихидаги энг йирик ҳалокат рўй берган - учта поезд тўқнашиши оқибатида 130 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top