19:18 / 31.10.2019
0
7228

Йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид статистик рақамлар очиқланди

Бугун, 31 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. 

Берилган маълумотларга кўра, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг ҳудудий идоралари томонидан 2019 йилнинг 9 ойи давомида жами 4 млн. 607 минг 34 та йўл ҳаракати қоидабузарлиги, жумладан 2 млн. 55 минг 254 та қўпол қоидабузарлик, 25120 нафар маст ҳайдовчи, 252072 нафар қоидабузар пиёдалар аниқланди.

Бу даврда 19436 та транспорт воситасини бошқариш вақтида уяли телефондан фойдаланиш, 779909 та хавфсизлик камаридан тақмаган ҳолда транспорт воситасини бошқариш, 628 та монитордан фойдаланиш ёки ўзбошимчалик билан ўрнатиш, 41179 та транспорт воситасини суғурта полисисиз бошқариш қоидабузарликлари аниқланди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Шунингдек, 18422 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳужжатлар тегишли чоралар кўриш учун суд идораларига юборилиб, уларнинг 8492 нафари (46,1 фоизи) транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Шу жумладан, 12778 нафар транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳужжатлар суд идораларига юборилиб, уларнинг 8639 нафари (67,6 фоиз) транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди ҳамда 795 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

2019 йил 9 ойда қоидабузарликларга нисбатан кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида жами 3407 та сайёр суд мажлислари ташкил этилди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ҳисобот даврида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида умумий йўл-транспорт ҳодисалари 16,5 фоизга (6236 тадан 5207 тага), уларда ҳалок бўлганлар сони 13,1 фоизга (1607 нафардан 1396 нафарга), жароҳатланганлар сони 17,8 фоизга (5864 нафардан 4821 нафарга) камайишига эришилди.

Шунингдек, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони 10,7 фоизга (981 тадан 876 тага), ҳайдовчилар айби билан содир этилган ЙТҲлари 18,4 фоизга (5594 тадан 4567 тага), маст ҳолдаги ҳайдовчилар айби билан содир этилган ЙТҲлари 32,6 фоизга (135 тадан 91 тага), пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари 23,6 фоизга (3332 тадан 2544 тага) камайди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top