Жамият | 19:04 / 01.11.2019
9865
2 дақиқада ўқилади

Урганч шаҳрида газ таъминотига алоқадор йирик авария юз берди

Фото: SimonSPb / Shutterstock

1 ноябрь куни Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида газ таъминоти билан боғлиқ техноген авария юз берди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Ўзбошимчалик билан олиб борилган қазиш ишлари натижасида катта газ қувурига зарар етказилган. Натижада бир неча маҳаллаларда газ босими кескин пасайиб кетган. 

Муаммо юзасидан «Ҳудудгаз» корхонасининг Урганч шаҳар бўлими бошлиғи Бекмурод Ваисовдан изоҳ олдик.

«1 ноябрь куни тушга яқин Урганч шаҳрида газ таъминоти билан боғлиқ авария юз берди. Экскаватор заводи яқинида трактор ўзбошимчалик билан қазиш ишларини олиб боргани натижасида, газ қувурига зарар етказилган. Натижада, шаҳарнинг бир неча маҳаллаларида газ босими пасайиб кетди. Бу ҳақда тегишли идораларни, прокуратура, шаҳар ҳокимлигини хабардор қилдик. 

Куннинг ярмида олиб борилган таъмирлаш ишлари натижасида бу авария оқибатлари бартараф қилинди. Соат 18-00дан бошлаб газ босимини яна кўтардик. Соат 19-30га қадар шаҳарда газ таъминоти тўлиқ тикланади.

Трактор ҳайдовчисининг биздан рухсат олмасдан, ўзбошимчалик билан қазиш ишларини олиб боргани юзасидан суриштирув ўтказмоқдамиз. Етказилган зарарни ундириб олиш чораларини кўрамиз.

Қиш мавсуми режимига қачон ўтилади? 1 ноябрдан бошлаб қиш мавсуми режимига ўтиш бошланди. 2-3 кун ичида босқичма-босқич тарзда газ босимини оширамиз», - деди Бекмурод Ваисов.

Қўшимча қиладиган бўлсак, сўнгги пайтларда газ қувурларига яқин жойларда ўзбошимчалик билан қазиш, қурилиш ишларини бошлаб юбориш ҳолатлари кўпайган. Газ таъминоти идораларини огоҳлантирмасдан, рухсат олмасдан бундай ишларни бошлаш қатъиян ман қилинган. Ўзбошимчалик ва эътиборсизлик билан қилинаётган бундай ишлар катта техноген ва бошқа аварияларга олиб келиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид