Жаҳон | 22:28 / 03.11.2019
26872
4 дақиқада ўқилади

Деҳлида ҳаво ифлосланиши чидаб бўлмас даражага келди. Мактаблар ёпилди

Ҳиндистон шимолидаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси «чидаб бўлмас даражага етди». Бу ҳақда пойтахт Деҳли бош вазири Арвинд Кежривал твиттер саҳифасида маълум қилди.

BBC хабарига кўра, Деҳлининг кўплаб туманларида якшанба куни ҳавонинг сифати «хавфли» даражага келиб қолган. Бу эса нафас йўллари касалликларига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳукумат аҳолини уйдан чиқмасликка чақирмоқда. Шаҳарни қалин смог қоплаган, мактаблар ёпилган, 30дан ортиқ парвозлар бошқа шаҳарларга йўналтирилган, қурилиш ишлари тўхтатилган.

Деҳли соғлиқни сақлаш вазири Сатьендар Жаин пойтахт аҳолисига айниқса эрталаб ва кечки вақтларда очиқ ҳаводаги жисмоний фаолликдан тийилишни маслаҳат берган.

Шунингдек, расмийлар одамларга ниқоб тақиш, ҳаво ифлосланиш даражаси юқори ҳудудларга бормаслик, эшик ва деразаларни очиқ қолдирмасликни тавсия этишяпти.

Ҳаводаги хавфли зарралар миқдори (PM2,5) меъёрдан анча баланд. Жумладан, Хитой пойтахти Пекин билан солиштирганда 7 баробар юқори кўрсаткич қайд этилган.

Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўлчовчи асбоблар максимум рақамни кўрсатаётгани, бу орқали ҳақиқий ҳолатни билиб бўлмаётганини маълум қилди. Варун Жҳавери буни «фалокат» деб баҳолаган.

The Guardian`нинг хабар беришича, Деҳлида ҳавонинг ифлосланиш даражаси меъёрий кўрсаткичдан 400 баробарга ортиб кетган.

Жума куни пойтахтда соғлиқни сақлаш борасида фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва мактабларда 5 миллионта ниқоб тарқатиб чиқилган эди.

Ўтган якшанба ҳиндларнинг миллий байрами – Дивали нишонланган эди. Байрамда анъанага мувофиқ салютлар отилган. Бунинг устига қўшни вилоятлар – Панжоб ва Ҳарянада фермерлар далада қолган экинлар поясига ўт қўйишган, ҳаво ҳарорати пасайиши эса тутуннинг сақланиб қолишига сабаб бўлган.

Юқоридаги омиллар ҳисобига, Ҳиндистон шимолида йилнинг ҳозирги вақтида бундай ҳолат кузатилиши одат тусига кирган. Деҳли, Панжоб ва Ҳаряна сиёсатчилари муаммо учун бир-бирларини айблашади.

Мамлакатда салют отилишини тақиқловчи янги қоидалар жорий этилган, аммо бу чора ҳам ифлосланишга тўсиқ бўла олмади.

Мактаблар камида сешанба кунигача ёпиқ қолиши кутиляпти. Душанбадан бошлаб пойтахтда автомобиль ҳаракатини чеклаш тартиби ўрнатилади.

Аммо ҳаво ифлосланиши камайиши учун фермерлар далага ўт қўйишни тўхтатишлари керак.

Сунъий йўлдошдан олинган суратларда ўтган ҳафта давомида далада қолган экинлар поясига ўт қўйилиши билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Ҳисоб-китобларга кўра, Деҳлидаги ифлос ҳавонинг 40 фоизи – экинзорлардаги ёнғин тутунидир.

Мавзуга оид