Спорт | 08:19 / 04.11.2019
4021
2 дақиқада ўқилади

Льюис Хэмилтон “Формула-1”нинг олти карра чемпионига айланди

Фото: EPA-EFE/MIGUEL SIERRA

“Мерседес” жамаоаси аъзоси Льюис Хэмилтон “Формула-1” автопойгаларининг олти карра чемпионига айланди. 

34 ёшли британиялик пойганинг АҚШдаги босқичида 2-ўринни эгаллади. Бироқ бу унга муддатдан аввал чемпионликни расмийлаштиришга етарлилик қилди. 

Маррага биринчи бўлиб Хэмилтоннинг жамоадоши Валттери Боттас, учинчи бўлиб “Ред Булл” вакили Макс Ферстаппен етиб келди.  

Льюис мавсум якунланишига 2 та босқич қолганда шахсий ҳисобда Боттас учун етиб бўлмас даражада ўзиб кетди. Боттас эса ўзига 2-ўринни кафолатлаб қўйди. Ҳозирда Хэмилтон ҳисобида 381 очко, Боттасда эса 314 очко бор. 3-ўринни “Феррари” вакили Шарль Леклер (249 очко) эгалламоқда.

Льюис ўтган мавсумда ҳам пойга охирига иккита босқич қолганда чемпионликни таъминлаб қўйганди. У олтинчи марта чемпионликни қўлга киритиб, бу борада аргентиналик Хуан Мануэл Фанхиодан (5 та чемпионлик) ўзиб кетди. Хэмилтондан кўпроқ чемпионликка фақатгина Михаэл Шумахер эга (7-марта).

“Мерседес” кетма-кет 6 марта конструктор кубогини, пойгачиси эса 6 марта чемпионликни қўлга киритган илк жамоа бўлди.

Хэмилтон “Формула-1”даги фаолиятини 2007 йилда “Макларен” жамоасида бошлаган. У илк чемпионлик унвонини 2008 йилда қўлга киритган. Сўнгра пойгачи “Мерседес”га ўтиб, 5 та унвонга сазовор бўлган (2014, 2015, 2017-2019 йиллар). Британиялик спортчининг ҳисобида 248 та пойга бор бўлиб, ундан 83 тасида ғалаба қозонган.

Пойганинг кейинги босқичи Бразилияда 15-17 ноябрда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид