Иқтисодиёт | 12:25 / 04.11.2019
41814
9 дақиқада ўқилади

Евросиё иқтисодий иттифоқи «янги Европа иттифоқи» бўла оладими?

Ташкилий тузилмаси ягона принципда барпо қилинмаган иттифоқ ичида қандай муаммолар вужудга келиши мумкин?

Сербия Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан эркин савдо шартномасини имзолашидан бир неча кун олдин Россия бош вазири Дмитрий Медведев Белградда бу хабарни оммага ошкор қилган эди. Тасодифни қарангки, бир неча ҳафта аввал ўхшаш вазият юз берди – Россия Федерал Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко Тошкентга қилган ташрифи давомида Ўзбекистон ЕОИИга киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида айтиб юборди.

Мунозараларга сабаб бўлган бу хабар кўпчиликни ўйга чўмдирди: Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиши керакми ёки йўқ, бунинг фойда ва зарарлари нималардан иборат? Кўп мутахассислар масалага Ўзбекистоннинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолати ва унинг савдо муносабатлари нуқтаи назардан ёндашиб, ЕОИИга аъзолик ҳозирча мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келди. Лекин, негадир, ЕОИИнинг ички иқтисодий динамикаси қандай, иқтисодий институт сифатида келажаги борми, бу ташкилотни тузишдан асл мақсад нима эди деган саволлар очиқ қолди. Келинг, бу саволлар устидан бироз фикр юритиб кўрайлик. 

ЕОИИдан кўзланган мақсад

Бир қарашда ЕОИИ олдига қўйган мақсади жиҳатидан бошқа иқтисодий иттифоқлардан кўп фарқ қилмайди: божхона тарифларини қисқартириш, эркин савдони жорий қилиш, маҳсулот, хизматлар ва ишчи кучи учун ягона бозор ташкил қилиш орқали иқтисодий интеграциясини мустаҳкамлаш – ташкилотнинг эълон қилинган мақсадлари. Аммо, афсуски, бу иқтисодий мақсадлар унинг асл моҳиятини тўлиқ маънода очиб бера олмайди. Буни иттифоқнинг ички савдо динамикасида ҳам яққол кўришимиз мумкин.     

Оддий мисол – ЕОИИ билан яқинда эркин савдо шартномасини имзолаган Сербия. Бу давлатнинг Россия билан савдо ҳажми бор-йўғи 10 фоизни ташкил қилади. Россия эса ЕОИИ ичидаги энг катта бозор.

ЕОИИнинг асосий таъсисчилари бўлган Россия ва Қозоғистоннинг ЕОИИ ичидаги савдоси бундан-да қизиқ. Chatham House маълумотига кўра, Россия савдо алоқаларининг асосий қисми ЕОИИдан ташқаридаги давлатлар билан боғлиқ бўлиб, унинг ЕОИИ билан савдоси 5 фоизни ташкил қилади, холос. Қозоғистоннинг 2015 йили Европа давлатлари ва Хитойга маҳсулот экспорти ҳажми мос равишда 53 фоиз ва 12 фоизни ташкил қилган бўлса, бу рақам Россия билан фақатгина 10 фоизни, ЕОИИга аъзо бўлган бошқа давлатлар – Қирғизистон, Aрманистон ва Беларуснинг ўзаро савдо алоқалари атиги 2 фоизни ташкил қилади. Лекин уларнинг Россия билан якка ҳолдаги савдо ҳажми 98 фоиздан ошиқ. Aслида якка давлатнинг доминантлиги, қолган аъзоларнинг иқтисодий нотенглигига асосланган бундай ҳамкорликни «иттифоқ» дейиш қийин. Хўш, унда нега бу давлатлар ўз иқтисодиётлари учун муҳим бўлган давлатлар билангина икки тарафлама савдо шартномаси тузиб қўя қолмасдан, кучли иқтисодий динамикага эга бўлмаган, бунинг устига масъулият юклайдиган ташкилотга аъзо бўлишган?

Бу давлатларнинг сиёсий ҳолатига назар ташлайдиган бўлсак, саволга жавоб топгандек бўламиз – бу иттифоқнинг вужудга келишида кўпроқ сиёсий омиллар, аъзо давлатнинг ташқи савдо, ишчи кучи ва божхонага тааллуқли иқтисодий масалаларидан кўра кўпроқ элиталарнинг тор манфаатлари кўзланган.  

Шу сабабдан ҳам чет эл матбуотида ЕОИИ ҳақида сўз борар экан, унга маълум иқтисодий мақсадларни ўз олдига қўйган ташкилот деб қараш ўрнига унинг Россия ички ёки ташқи сиёсатида қандай рол ўйнаши ҳақида гапирилади.

Эътибор берилса, иттифоқнинг бошланғич пойдевори аслида 2000-йилларда, Владимир Путин ҳокимиятга келиши билан қўйилган, аммо у пайтда ғоя қоғозда қолган. Иттифоқ ичида ягона чегарани (customs union) шакллантириш масаласи орадан йиллар ўтиб, фақатгина 2010 йилдан бошлаб, Россия иқтисоди учун муҳим бўлган нефть нархи кескин пасайишидан кейин қайта кўтарилди.

Россия ташқи савдосида иттифоқнинг роли унчалик катта бўлмаса-да, мана икки-уч йилдан бери Россия ҳукумати ташкилотга янги аъзолар олиб кириш ҳаракатида. Бунинг ортида 2014 йилдан эътиборан Ғарб давлатлари томонидан қўйилган санкциялар таъсирини камайтириш ва сиёсий барқарорликни ушлаб қолиш мақсади ётади.

Иттифоқ учун муҳим бўлган яна бир давлат – Қозоғистоннинг ҳам ЕОИИ доирасида кўзлаган ва мазмунан иқтисодий бўлмаган манфаатлари борлигини тан олиш керак. Қозоғистон учун ЕОИИга аъзолик савдо алоқаларини мустаҳкамлаш билан бирга Россия билан бўладиган турли муносабатларни яккаланган ҳолда эмас, балки кўпчилик билан кечадиган муроса орқали ҳал қилиш имкониятини беради.

ЕОИИнинг ташкилот сифатидаги муаммолари

Ташкилий тузилмаси ягона принципда барпо қилинмаган иттифоқ ичида қандай муаммолар вужудга келади?

Биринчидан, ЕОИИни том маънода иқтисодий ҳамкорлик сифатида шаклланишдан тўсиб турган муаммо – аъзо давлатлар унга ҳақиқий иқтисодий ташкилот сифатида қарамаётганидир. Aфсуски, ташкил топишидан бошлаб бугунги кунгача аъзо давлатлар ўз манфаатларини биринчи ўринга қўйишлари ва уни фақат зарур бўлиб қолгандагина жонлантиришга уринишлари сабаб иттифоқнинг ягона бозор барпо қилиш ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш каби асл мақсадлари орқа фонда қолиб кетяпти.

Қисқа қилиб айтганда, аъзо давлатлар иттифоқнинг ривожи учун ҳали-ҳануз ўзларини том маънода бағишлай олганлари йўқ, деб бемалол айтиш мумкин. Буни ташкилотнинг асосий асосчиси бўлмиш Россиянинг йиллар давомида ташкилотга бепарволигида кўриш мумкин. Геосиёсий муаммолар гирдобида қолаётган Россиянинг қай даражада ЕОИИни ривожлантира олиши сўроқ остида турибди.

Иккинчидан, ЕОИИ кучли ҳамкорлик нуқтаси бўлиб шаклланишига тўсиқ бўлган иккинчи муаммо – бу унинг институт сифатида заифлиги.

ЕОИИ савдо муносабатларини эркинлаштириш, аъзо давлатлар орасида умумий сиёсатни шакллантириш, тартибга солиш ва иқтисодий институтларни уйғунлаштириш учун бу масалаларни ҳал қилиш кучига эга бўлган давлатлараро бошқарув институтини юзага келтириши лозим. У эса йўқ. Бу вазифалар Евросиё Иқтисодий комиссиясига юклатилган бўлса-да, де-факто у кучга эмас, зеро аъзо давлатларнинг ҳеч бири сиёсий эркининг бир қисмини унга беришга рози эмас. Иттифоқ ишлари демократик институтларга эмас, балки яккаҳокимлик услубида иш тутадиган шахсларга боғланиб қолган.

Шунинг учун ҳам, иттифоқ ичида каттароқ муаммо содир бўлса (аввалига савдо масаласи билан бошланган Қозоғистон-Қирғизистон можароси кейинчалик сиёсийлашиб кетгани бунга мисол бўла олади), иттифоқ судига эмас, балки катта сиёсатдонларга мурожаат қилишади...

Маълум шахсларнинг кучига боғланган иттифоқнинг тақдири сиёсий ўтиш даврига тайёрланаётган Россияда вазият ўзгариб қолса нима бўлади, деган савол кўндаланг бўлмоқда.

Учинчидан, юқоридаги институционал камчиликлардан ташқари иттифоқнинг иқтисодий муаммолари ҳам талайгина. Шулардан бири – иттифоқнинг дунёнинг бошқа давлатлари билан савдо алоқаларида тариф ва нотариф тўсиқларни қўйиш орқали протекционал сиёсат юритиб келишидир.

ЕОИИ ички бозорларни очиш, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, маҳсулот ва хизматлар кўламини кенгайтириш орқали ички иқтисодиётларни замонавийлаштириши кўзланган бўлса-да, бу ҳаракатлар давлатлар ичидаги маълум монопол бизнеслар манфаатлари (rent-seeking) йўлидаги уринишлари эвазига чиппакка чиқмоқда.

Шунингдек, аъзо давлатлар иттифоқ доирасида кечаётган савдолари билан ўзларини овутиб, ташқи дунёдан, инноватив ғоялардан ажралиб қолаётганларини билишмаяпти. Энг ачинарлиси, барқарор иқтисодий ривожланиш турли иттифоқларга аъзолик билан эмас, балки аввало мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва турли бюрократик тўсиқлардан воз кечиш каби структуравий муаммоларни ҳал қилиш билан бўлиши тушуниб етилмаяпти.

Юқоридаги таҳлилга таянган ҳолда хулоса қилсак, айтиш мумкинки, ЕОИИ тўлиқ маънода ўз аъзоларининг иқтисодий манфаатларини кўзлайдиган ташкилот сифатида шакллана олгани йўқ. Ички қарама-қаршиликлар, институционал заифлик, сиёсат доминантаси, протекционал руҳ ЕОИИни том маънода иқтисодий ривожланиш олиб кела оладиган иттифоқ сифатида шаклланишига йўл бермаяпти.

Аъзо давлатлар иттифоқни ичидан заифлаштираётган зиддиятларга барҳам беришлари ва умумий мақсад йўлида бирлашишлари лозим.

Умид қиламизки, ЕОИИ ҳақида берилаётган бу каби таҳлиллар мамлакатимизнинг бу иттифоққа аъзо бўлиш ёки бўлмаслик, ёки қай шартларда аъзо бўлиш бўйича тўғри қарорга келиши учун хизмат қилади.

Бекзод Закиров

Токио университети талабаси

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди