Жаҳон | 20:46 / 05.11.2019
4445
2 дақиқада ўқилади

Трамп Мексикага наркокартелларга қарши курашишда ёрдам таклиф қилди

Мексика президенти Лопес Обрадор АҚШнинг ёрдамини муҳокама қилишга тайёрлигини, аммо бунга зарурат йўқлигини билдирди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Мексика раҳбариятига наркокартелларга қарши курашишда ёрдам таклиф қилди.

"Юталик ажойиб оила ва уларнинг дўстлари бир-бирларини отаётган икки шафқатсиз наркокартель орасида қолди, натижада кўплаб америкаликлар, шунингдек, бир нечта бола ҳалок бўлди, бир неча киши йўқолди. Агарда Мексика бу махлуқлардан қутулиш учун ёрдамга эҳтиёж сезса ёки ёрдам сўраса, АҚШ бу ишни тез ва сифатли бажаришга тайёр", - деб ёзди у Twitter саҳифасида. 

Унинг сўзларига кўра, "картеллар шу даражада йирик ва қудратли бўлиб кетганки, баъзан бу армияни енгиш учун армия керак бўлади".

Мексика президенти Лопес Обрадор АҚШнинг ёрдамини муҳокама қилишга тайёрлигини, аммо бунга зарурат йўқлигини билдирди.

Воқеа Чиуауа штатидан Сонора штатига олиб борувчи йўлда содир бўлган. Охирги маълумотларга кўра, 12 киши ҳалок бўлган. Universal нашрининг ёзишича, бешта бола қочишга муваффақ бўлган ва улар ҳозирда бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

ОАВнинг ёзишича, ҳалок бўлганлар Мексика ҳудудида яшовчи америкалик мормонлар жамиятига мансуб бўлган.  

Мавзуга оид