Спорт | 15:00 / 07.11.2019
25128
14 дақиқада ўқилади

Учта клуб плей-оффда, яна 9таси йўлда. Кимда қандай имконият?

Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида 4-тур ўйинлари ниҳоясига етди. Уч жамоа расман кейинги босқич иштирокчисига айланган бўлса, «Генк» ва «Галатасарой» назарий жиҳатдан ҳам нимчорак финал учун кураша олишмайди. Қуйида гуруҳлардаги ҳолат ва йўлланма учун курашда жамоаларнинг имкониятлари ҳақида сўз боради.

А гуруҳи

Парижликлар муддатидан олдин плей-офф масаласини ҳал қилиб бўлишди. Энди Мадридда 0:4 ва ундан йирикроқ ҳисобда мағлубиятга учрамаган ҳолда, қолган икки ўйиндан 1 очко олинса кифоя – «ПСЖ» гуруҳда биринчи ўринни эгаллайди.

«Реал» ҳам деярли кейинги босқичга чиқди, деб айтиш мумкин. «Брюгге» билан ўртадаги фарқ 5 очкони ташкил қилмоқда. Мадридликлар кейинги турда «ПСЖ» устидан ғалаба қозониб, муддатидан олдин нимчорак финалга чиқишлари мумкин. Бу ўйинда мағлубиятга учралган тақдирда ҳам, сўнгги турда «Брюгге» майдонидаги дуранг ҳам «Реал»ни қониқтиради.

5-турдаги «Галатасарой» – «Брюгге» ўйини эса, Европа Лигасига йўлланма оладиган жамоани аниқлаштириб беради. Бу ўйинда ғалаба кўпроқ туркларга керак.

26 ноябрь. Галатасарой – Брюгге, Реал – ПСЖ

11 декабрь. ПСЖ – Галатасарой, Брюгге – Реал


В гуруҳи

Бу гуруҳни А гуруҳи билан деярли бир хил вазиятда дейиш мумкин. «Бавария» юз фоизлик натижа кўрсатиб, кейинги босқич масаласини расман ҳал қилди. Фақат икки ўйинни ютқазсагина, немислар иккинчи ўринга тушиб қолишлари мумкин, холос. «Тоттенҳэм» эса, серблар устидан қозонилган умумий 9:0 ҳисобидаги икки ғалабадан сўнг, вазиятни анча яхшилаб олди. Почеттино шогирдлари кейинги турда «Олимпиакос»ни қабул қилади. Бу ўйиндаги ғалаба лондонликларга 1/8 финал йўлланмасини тақдим этади. Дуранг «Тоттенҳэм» имкониятини бироз пасайтириши ва сўнгги турда Мюнхенда очко олиш мажбуриятини юклаши мумкин. Чунки агар серблар «Бавария» устидан ғалаба қозонишса, очколари сони 6тага етади ва «Тоттенҳэм»га яқинлашиб олишади.

Европа Лигаси йўлланмаси, катта эҳтимол билан, сўнгги турда, Грециядаги ўйинда ҳал бўлса керак.

26 ноябрь. Тоттенҳэм – Олимпиакос, Црвена Звезда – Бавария

11 декабрь. Бавария – Тоттенҳэм, Олимпиакос – Црвена Звезда


С гуруҳи

«Манчестер Сити» яққол пешқадам бўлса-да, ҳали плей-офф йўлланмасини узил-кесил ҳал қилгани йўқ. Агар инглизлар ҳар икки ўйинни бой беришса, шунингдек, «Шахтёр» ва «Динамо» «Аталанта»дан ҳам уч очко олишса, бу икки жамоанинг очкоси 11тага етади ва «Манчестер Сити»ни қувиб ўтишади. Бу энди, фантастикага яқинроқ бўлган назария. Амалда эса, Пеп Гвардиола жамоаси кейинги турда ўз майдонида «Шахтёр»ни енгиши ва гуруҳ ғолибига айланиши мумкин. Ҳатто дуранг ҳам «Сити»ни нимчорак финал иштирокчисига айлантиради.

Гуруҳдаги асосий кураш иккинчи ўрин учун «Шахтёр» ва «Динамо» Загреб ўртасида кечиши кутилмоқда. Ҳар икки жамоа ҳозирда бир хил очко тўплаган ва ҳар иккиси ҳам кейинги турларда айни рақибларга қарши майдонга тушади. Ўзаро ўйин борасида эса, сафарда кўпроқ гол ургани учун украиналикларда устунлик бор.

Шу билан бирга, «Аталанта»ни ҳам унутмаслик керак. Бергамоликлар ҳозирча ЕЧЛда омадсиз бўлсалар-да, салоҳият борасида гуруҳдаги иккинчи жамоа деб бемалол айтиш мумкин. А Сериянинг энг сермаҳсул жамоаси бўлиб турган «Аталанта» бемалол кейинги икки ўйинни ғалаба билан якунлаши ва гуруҳда иккинчи ўринни олиши ҳам ҳақиқатдан узоқ эмас. Агар кейинги турда «Аталанта» ўз майдонида Загребни ютса-ю, «Шахтёр» Манчестерда мағлубиятга учраса, сўнгги тур жуда қизиқарли кечади. «Шахтёр» – «Аталанта» ўйини деярли финалга айланиб кетади, шу билан бирга «Сити»ни қабул қилаётган загребликларда ҳам имконият қолади.

26 ноябрь. Аталанта – Динамо З, Манчестер Сити – Шахтёр

11 декабрь. Шахтёр – Аталанта, Динамо З – Манчестер Сити


D ГУРУҲИ

Сўнгги дақиқадаги ғалаба голи «Ювентус»ни ҳам расман плей-офф иштирокчисига айлантирди. Аммо гуруҳда биринчи ўринни олиш учун кейинги турдаги «Атлетико»га қарши ўйинда энг камида дуранг ўйнаш лозим бўлади. Иккинчи йўлланма соҳиби «Атлетико» бўлишига ҳам шубҳа йўқ. «Байер» жуда кеч уйғонди ва энди мадридликлар Туриндаги ўйин натижасидан қатъи назар, охирги турда Мадридда, «Локомотив» устидан ғалаба қозонишса кифоя.

5-турдан жой олган «Локомотив» – «Байер» ўйини эса Европа Лигаси йўлланмасига эга бўладиган жамоани аниқлаб беради. Агар бу ўйинда мезбонлар ғалаба қозонишса, биринчидан, Европа Лигаси масаласини расман ҳал қилишади. Иккинчидан, балки «Атлетико»га яқинлашиб олиб, сўнгги турда Мадридда уларни ҳам қувиб ўтишга уринишлари мумкин.

26 ноябрь. Ювентус – Атлетико, Локомотив – Байер

11 декабрь. Атлетико – Локомотив, Байер – Ювентус 


Е ГУРУҲИ

«Зальцбург» ҳайрон қолдиряпти, гуруҳда энг кўп гол урган жамоа ҳам шу, лекин гуруҳ фаворитлари «Ливерпуль» ва «Наполи». Ўтган йили айнан «Энфилд»даги ўйин «Наполи»нинг имкониятларини йўққа чиқарганди, бу сафар ҳам ўйин 5-турда бўлмоқда ва италияликларда вазиятни охирги ўйинда ўнглаш имкониятига эга.

«Ливерпуль» бу ўйинда «Наполи»ни енгса, гуруҳдаги 1-ўринни расман ҳал қилади. Агар бу ўйин дуранг билан тугаса, «Ливерпуль» плей-оффга расман чиқади, лекин гуруҳ пешқадамлиги учун ҳали курашишга тўғри келади. Мабодо «Ливерпуль» «Наполи»дан ютқазиб қўядиган бўлса, янаям қизиқ – охирги турда «Зальцбург» майдонига сафар жуда хавфли бўлиш эҳтимоли бор. Чунки австрияликлар «Генк»ни енгиб, «Ливерпуль»га 2 очко масофага яқинлашиб қолган бўлади. Бир ўйинда эса, ҳар нарса бўлиши мумкинлигини «Ливерпуль»дан яхшироқ биладиган жамоа йўқ.

Хуллас, аслини олганда, икки топ-клуб хотиржам якунлаши мумкин бўлган ҳозирги ҳолатни «Зальцбург»нинг ижобий маънодаги тентаклиги бузиб турибди, холос. Хотиржам тортишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 

27 ноябрь. Ливерпуль – Наполи, Генк – Зальцбург

10 декабрь. Зальцбург – Ливерпуль, Наполи – Генк


F гуруҳи

«Барселона»нинг ўз майдонида «Славия» билан дуранг ўйнаши вазиятни янада чигаллаштириб юборди. Энди каталонияликлар қолган икки ўйинда бир ғалабага эришишлари лозим, аммо рақиблар – плей-офф учун курашаётган «Интер» ва «Боруссия». Осон бўлмайди.

Кейинги турда «Камп Ноу»да мезбонлар «Боруссия»ни қабул қилади. Бу ўйиндаги ғалаба Вальверде шогирдларини плей-оффга олиб чиқади. Аммо дуранг ёки мағлубият вазифани анча оғирлаштириб қўяди. Тасаввур қилинг, «Камп Ноу»даги дурангдан сўнг, «Барселона»да 9, Дортмундда 8 ва «Интер»да 7 очко ҳосил бўлиши мумкин. «Боруссия» «Славия»ни қабул қилиб, ғалаба қозониши осон, аммо Миланда «Интер» ва «Барселона» ўртасидаги ўйиннинг аҳамияти жуда ҳам ошиб кетади. Одатда, гуруҳ босқичини муддатидан олдин ҳал қилишга ўрганган «Барселона» учун бу ёмон сценарий. Шунинг учун нима қилиб бўлса ҳам, «Боруссия» устидан ғалаба қозонилиши шарт.

Бу ҳолатда иккинчи йўлланма масаласи немис ва италян клублари ўртасида ҳал бўлади. «Боруссия» «Камп Ноу»га нафақат очко олиш учун, шунингдек, «Барселона»ни ҳам тўхтатиб қолиш учун боради. Чунки агар «Барселона» Дортмундни енгса, муддатидан аввал гуруҳ ғолибига айланиши ва «Интер» билан сўнгги турда бор кучи билан ҳаракатланмаслиги мумкин. Дортмунд ва Милан жамоалари ўртасидаги вазиятда эса, агар очколар тенг бўлиб қолса, «Интер» юқори ўринни эгаллайди. Чунки регламент бўйича, аввало, ўзаро ўйинларга қаралади. «Интер» бу борада устунликка эга.

27 ноябрь. Барселона – Боруссия, Славия – Интер

10 декабрь. Интер – Барселона, Боруссия – Славия


G ГУРУҲИ

Бу гуруҳда ҳамма жамоа кейинги босқичга чиқиш имкониятига эга. Россияда ғалаба қозонган «Лейпциг» эса, фаворитга айланди. Энди немислар кейинги турда «Бенфика»ни қабул қилади ва бу учрашувдаги дуранг уларни плей-офф иштирокчисига айлантиради.

Кейинги турда Питерда бўлиб ўтадиган «Зенит» - «Лион» ўйинида кўп масалага ойдинлик киритилади. Руслар бу ўйинда ғалаба қозониб, очколар бўйича «Лион»га етиб олишлари, ўзаро ўйинлар натижасига кўра эса, қувиб ўтиб, гуруҳда 2-ўринга кўтарилиб олишлари мумкин. Уёғи эса, сўнгги турда, Португалиядаги учрашувда ҳал бўлади.

27 ноябрь. Лейпциг – Бенфика, Зенит – Лион

10 декабрь. Бенфика– Зенит , Лион– Лейпциг 


Н ГУРУҲИ

Энг қизиқарли ва шиддатли гуруҳ. Уч жамоа бир хил очко жамғарган ва кейинги босқич учун ҳар учаласининг ҳам имкониятларини тенг баҳолаш мумкин. Тўғри, «Лилль» билан ҳам ўйнайдиган «Аякс» ва «Челси»нинг ҳолати бироз яхшироқ, чунки улар «Лилль»ни осонлик билан енгиб, «Валенсия» билан дуранг ўйнай олиши мумкин. «Валенсия» эса, асосий рақиблар билан ўйинларда камида битта ғалабага эришиши шарт. «Валенсия» – «Челси» ўйини турнинг марказий ўйини бўлади. Бу ўйинда агар мезбонлар ғалаба қозонишса, расман кейинги босқич иштирокчисига айланади. Уч очко фарқни кейин «Челси» йўққа чиқара олмайди, чунки Лондондаги ўйинда ҳам «Валенсия»нинг қўли баланд келган.

Келинг, шу гуруҳга батафсилроқ тўхталамиз.

Агар, 5-турда «Валенсия» ва «Аякс» ўз ўйинларида ғалаба қозонса, бу жамоаларнинг ҳисобида 10тадан очко бўлади. «Челси»да эса 7та. «Челси» охирги турда «Лилль»ни енгиб, «Аякс»нинг сўнгги турдаги мағлубиятидан умид қилишга мажбур бўлади. Бу ўйинда «Аякс» ва «Валенсия» ўзаро дуранг ўйнаб, «Челси»ни доғда қолдиришлари ҳам мумкин.

Агар, 5-турда «Челси» ва «Аякс» ўз ўйинларида ғалаба қозонса, уларнинг ҳисобида 10тадан очко, «Валенсия»да 7 очко бўлади. «Челси» сўнгги турда бемалол «Лилль»дан очко олиши мумкин, «Валенсия»дан эса гуруҳдан чиқиши учун «Аякс» майдонида ғалаба қозониши, бўлиб ҳам, камида 4 тўп фарқи билан ютиш талаб этилади.

Агар 5-турда «Челси»-«Валенсия» ўйинида дуранг қайд этилса, бу жамоалар ҳисобида 8тадан очко бўлади. «Аякс» эса «Лилль»дан уч очко олиб, 10 очкога эга бўлиб олиши мумкин. Бу ҳолатда, «Челси»нинг имконияти яхши – лондонликлар охирги турда ғалаба қозониб, 11 очко билан камида 2-ўринни олишади. «Аякс» – «Валенсия» ўйини эса ҳаёт-мамотга айланади. «Валенсия» гуруҳдан чиқиши учун қандай ҳисоб билан бўлса-да, ғалаба қозониши шарт бўлиб қолади.

Албатта, бу ерда «Лилль»нинг имкониятлари анча паст қилиб олинди. Аслида вазият янада мураккаб. Французлар ҳам қайсидир ўйинларда очко олишлари ва янада чигал ҳолатни юзага келтиришлари мумкин. Ҳатто икки ўйинни керакли ҳисобдаги ғалаба билан якунлашса, «Лилль» ҳам гуруҳда 2-ўринни олишга назарий имкониятга эга. Энг яхшиси, кутилаётган шиддатли баҳслардан баҳра олиш.

27 ноябрь. ВАЛЕНСИЯ – ЧЕЛСИ, ЛИЛЛЬ - АЯКС

10 декабрь. АЯКС – ВАЛЕНСИЯ, ЧЕЛСИ - ЛИЛЛЬ

Мавзуга оид