Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда янги йўналиш бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади
Ўзбекистонда космик тармоқ учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бу ҳақда 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси космик тармоғини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси»)да айтилган.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 2018-2019 йилларда космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича амалий хатти-ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси») ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Космик тармоқ учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича хатти-ҳаракатлар режасига («Йўл харитаси») мувофиқ миллий ва хорижий олий ўқув юртларида космик тармоқ учун кадрлар тайёрлаш ташкил қилинади.
Йўл хариталарида кўрсатилган тадбирлар комплекси 2019 йил 1 декабргача Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан ишлаб чиқилади.
Шунингдек, космик технологияларга алоқадор бўлган ихтисосликлардаги бакалаврлар ва магистрантларни хорижий ўқув марказларида космик тармоқ йўналишлари бўйича тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўлга қўйилади.
Хорижий ҳамкорлар билан келишувга 2020 йил 1 сентябргача «Ўзбеккосмос» агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эришиши лозим.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда мамлакат иқтисодиёти тармоқларида космик технологиялар иловаларини қўллашга ўргатиш бўйича ўқув-амалий марказлари ташкил этилади.
Бу борада тадбирлар комплекси, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари 2020 йил 1 сентябргача «Ўзбеккосмос» агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан ишлаб чиқилади.