Жамият | 11:48 / 08.11.2019
12062
2 дақиқада ўқилади

Приморье ўлкасида икки нафар ўзбекистонлик вафот этди

Фото: arsenyev.net

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги (Россия) бош консулхонаси маълумотига кўра, 2019 йил 30 октябрь куни Приморье ўлкаси Арсеньев шаҳрининг марказий касалхонасида йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг Ўзбекистон фуқароси И.Н. вафот этди. 

ТИВ хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан тергов органлари томонидан жиноий иш қўзғатилган ва тергов тадбирлари ўтказилмоқда.

5 ноябрь куни Чернигов туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида Ўзбекистон фуқароси Б.Р. вафот этди.

Иккала ҳамюртимиз ҳам Приморье ўлкасида қонуний равишда яшагани ва меҳнат фаолияти билан шуғуллангани айтилади.

Бош консулхона мазкур вазиятларни назоратга олган ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги Ваколатхонаси билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа масалаларни ҳал қилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган ҳамда эслатиб ўтишича, Россиянинг Узоқ шарқ федерал округи (Амур области, Камчатка ўлкаси, Магадан области, Приморье ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин области, Яҳудий автоном области, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) ҳудудида жойлашган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Владивосток шаҳридаги бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-423-260-48-00, +7-951-018-70-07.

Мавзуга оид