Жаҳон | 09:26 / 11.11.2019
2711
2 дақиқада ўқилади

Испанияда ўтган парламент сайловлари сиёсий вазиятга ойдинлик кирита олмади

Фото: EPA

Испания социалистик ишчи партияси (PSOE) 10 ноябрда мамлакатда ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида ғалаба қозонди. Бу ҳақда El Pais нашри хабар берди. 

Бироқ таъкидланишича, бирорта сиёсий партия ҳукуматни қаршиликсиз шакллантириш учун мутлақ кўпчилик ўрин ололмаган. Худди шундай натижа 2015, 2016 йиллар ва 2019 йил апрелдаги сайловларда кузатилган. Оддий кўпчилик овоз олган партиялар бошқа фракциялар қўллаб-қувватлови билангина ҳукуматни шакллантира олиши мумкин. Бироқ сиёсий кучлар позициялари фарқланиши сабабли, бундай қўллаб-қувватловга эришиб бўлмайди ёки у узоқ давом этмайди. Шу сабабли, мамлакатда 4 йил ичида 4-сайловлар ўтказишга тўғри келган. 

Испания миллий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, социалистлар парламентдаги 350 ўриндан 120 ўрин олишади.  

Шунингдек, парламентга Халқ партияси (Partido Popular)  88 ўрин билан, ултраўнг Vox партияси (52 ўрин), Podemos бирлашмаси (35 ўрин) ўтган.

Бундан ташқари, Каталониянинг Сўл республикачилар партияси 13 ўрин, “Фуқаролар” партияси 10 ўрин олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид