Ўзбекистон | 22:25 / 12.11.2019
11384
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистон учун божхона имтиёзларини сақлаб қолди

Фото: АҚШ Давлат департаменти

АҚШ Савдо ваколатхонаси (USTR) Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳимояси масаласидаги эшитувларни тўхтатди ва мамлакат товарларининг Қўшма Штатларга божсиз олиб кирилиши тартибини сақлаб қолишга қарор қилди.

Айни пайтда, Ўзбекистонда ишчилар ҳуқуқлари ва бола меҳнатига оид халқаро меъёрларга амал қилиниши масаласи АҚШ Савдо ваколатхонасида ҳамон очиқ қолмоқда. Бу ҳақда USTR расмий сайтида маълум қилинган.

Қайд этиш жоиз, АҚШда 1974 йилда қабул қилинган «Савдо тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ривожланаётган давлатларга нисбатан умумлаштирилган преференциялар тизими (GSP) татбиқ этилади. Унга асосан, юздан ортиқ давлатлар минглаб турдаги маҳсулотларини Қўшма Штатлар ҳудудига импорт божларисиз олиб кириши мумкин. Мазкур бенефициарлар рўйхатига 1994 йилда Ўзбекистон ҳам киритилган.

1999 йилда Интеллектуал мулк халқаро альянси (IIPA) ноҳукумат ташкилоти Ўзбекистонда интеллектуал мулк адекват даражада ҳимоя қилинмаслиги даъвоси билан чиққан ва шу сабабли мамлакатга нисбатан GSP имтиёзини бекор қилишни сўраб, АҚШ Савдо ваколатхонасига мурожаат қилган эди.

Орадан 20 йил ўтиб, 2019 йил 25 октябрида Савдо ваколатхонаси мазкур масала бўйича эшитувларни тўхтатиши ва Ўзбекистон учун божхона имтиёзлари сақлаб қолинишини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, бунга Ўзбекистоннинг фонограмма ҳуқуқига оид Женева конвенциясига қўшилгани, Бутунжаҳон интеллуктуал мулк ташкилотининг Ижролар ва фонограммалар бўйича ҳамда Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги шартномаларини ратификация қилгани сабаб бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, томонларнинг асослари 2018 йил ноябрь ойидаги эшитувларда кўриб чиқилган, унда Ўзбекистон томонидан мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонаси қатнашган эди.

«Савдо ваколатхонасининг бош офиси вакиллари кўрсатиб ўтилган конвенциялар Ўзбекистонда изчил амалга татбиқ этилиши ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилишига умид билдиришди», – дейилади Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси ахборотида.

Маълумот учун, USTR'да очиқ қолаётган ишчилар ҳуқуқлари ва болалар меҳнати бўйича петиция 2007 йилда Ишчи-ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро форуми (ILRF) томонидан киритилган.

Мавзуга оид