15:30 / 14.11.2019
1
3721

Олий Мажлисда «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди

Бугун, 14 ноябрь куни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Унда парламент тарихида бу йил илк марта Давлат бюджети қонун сифатида қабул қилинаётгани алоҳида таъкидланди. Республиканинг бош молиявий ҳужжатини тақдим этиш амалиётда биринчи марта «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва 2020-2022 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози берилмоқда.

Мажлисда молия вазири Жамшид Қўчқоров ушбу қонун лойиҳаси моҳияти тўғрисида маъруза қилди. Таъкидланишича, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда ижобий динамикасини сақлаб қолган ва у 5,5 фоиз бўлиши кутиляпти. Саноат ишлаб чиқариши ҳажми 6,5 фоиз, қурилиш 9,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4 фоиз, хизматлар соҳасида 5,6 фоиз кўпаяди. Асосий капиталга инвестициялар 10 фоиз, товарлар ва хизматлар экспорти ва импорт 8 фоиз ўсади.

Қонун лойиҳаси концепциясига кўра, республика бюджети Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилиниши белгиланмоқда. Харажатлар соҳалар бўйича эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланади.

Шунингдек, мажлис давомида депутатлар Молия вазирига қонун лойиҳаси бўйича саволлар билан мурожаат қилиб, бир қанча таклифлар беришди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди ва иккинчи ўқишда қайта кўриб чиқишга қарор қилинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top