12:16 / 16.11.2019
0
8272

Ўзбекистонда пиёда юриш марафони ташкил этилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Давлат байроғи тўғрисида қонун қабул қилинган кун муносабати билан жорий йил 16 ноябрь, шанба куни, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакат бўйлаб пиёда юриш марафони ташкил этилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, пойтахтда бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов иштирок этди.

Маълумки, ҳозирги урбанизация даврида камҳаракатлилик бутун дунёда ўткир муаммога айланган. Ҳолсизлик, уйқучанлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлашнинг секинлашиши, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик — бу каби белгилар кўпчиликда учрайди. Лекин камдан-кам одамлар бу ҳолатларни камҳаракатлилик билан боғлайди. Шу боис ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни фаол ҳаракатга чақириб, мунтазам равишда юриш марафонини ташкил қилиб келмоқда. Ушбу жараёнда фаол иштирок этиш учун озгина ҳафсала қилинса бас. Аслида ҳам юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайи ҳисобланади. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ. Ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради. 

Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликларини эҳтимолини эса 20 фоизга камайтирар экан. Яъни, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4-5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони тезлашади, бу эса организмда янги энергия ҳосил бўлишига ва энергия билан таъминланиш яхшиланишига олиб келади.

Соғлом турмуш тарғиботига қаратилган ушбу оммавий пиёда юриш марафони мамлакатнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ташкил этилди. Жумладан, пойтахтдаги “Ашхобод” сайилгоҳида ўтказилган марафонда минглаб аҳоли иштирок этди.

Байроқ қабул қилинган кун муносабати билан ташкил этилган пиёда юриш марафонининг ўзига хос рамзий маъноси ҳам бор. Соғлом инсонгина жисмонан мустақил бўлади, ўз мақсади сари дадил ва эркин ҳаракат қила олади. Бунинг учун эса соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозим.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top