Иқтисодиёт | 10:47 / 21.11.2019
4436
2 дақиқада ўқилади

JPMorgan давлат корхоналарини хусусийлаштиришда фаол иштирок этмоқчи

Фото: REUTERS

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатилла Бекенов JPMorgan трансмиллий банкининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича минтақавий раҳбари Тимур Кунанбаев ва мазкур банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Тоҳир Султонов билан учрашув ўтказди.

Агентлик директори давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, уларга хорижий инвесторларни жалб этиш ва акцияларни сотиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатига тўхталиб, мазкур жараёнда халқаро инвестиция воситачилари, консалтинг компаниялари ҳамда профессионал ташкилотлар фаол жалб этилаётганлигини таъкидлади.
 
Барча давлат корхоналари хусусий секторга босқичма-босқич таклиф этилиши, фақат стратегик корхоналарда давлатнинг қисман иштирокини сақлаб қолиш кўзда тутилаётгани қайд этилди.

Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги

Катта миқдордаги акциялар ва корхоналарни бозорга таклиф этиш орқали биринчи навбатда маҳаллий фонд бозорини ривожлантириш, шу асосда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини хусусийлаштириш жараёнларига фаол жалб этиш лозимлиги, ҳар бир давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар акциялари котировкасини шакллантириш лозимлиги ҳақида сўз борди.

JPMorgan банки вакиллари йирик корхоналарга инвесторларни жалб этиш бўйича дунёдаги етакчи ўринни эгаллаши, минтақада катта тажрибага эга экани, жумладан Қозоғистондаги «Казатомпром» компаниясини IPO усулида сотиш бўйича асосий инвестиция воситачи сифатида катта кўламдаги ишларни амалга ошираётганини сўзлаб берди.

Хорижий ҳамкор ташкилот сифатида Ўзбекистонда корхоналарни хусусийлаштириш катта истиқболга эга эканлигини ва амалга оширилган ишларнинг ижобий хусусиятлари қайд этилди.

JPMorgan банки ўз тажрибасидан келиб чиқиб, тоғ-кон, нефт-газ ва телекоммуникация соҳасидаги давлат активларини хусусийлаштириш жараёнида қатнашишга катта қизиқиши борлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик муносабатларини давом эттиришга келишиб олишди.

Мавзуга оид