Ўзбекистон | 11:51 / 21.11.2019
12307
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 10 ойда неча сўмлик қурилиш ишлари бажарилгани айтилди

2019 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон Республикасида жами 56,2 трлн сўм қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,9 фоизни ташкил этди.

Давстатқўм хабарига кўра, жорий даврда жами қурилиш ишлари ҳажми таркибида йирик қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 13,2 трлн сўмни ташкил этди. 

Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 6,2 фоизга кўп ишлар бажарилган бўлиб, жами қурилиш ишлари ҳажмидаги улуши ўтган йилдаги кўрсаткич даражасидан 2,7 фоиз пунктга камайган. 

Кичик корхона ва микрофирмалар томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми жорий даврда қурилиш ишларини бажарган бошқа ташкилотларга нисбатан кескин ошганлиги кузатилди. Улар ҳиссасига жами қурилиш ишлари ҳажмининг 55,2 фоизи тўғри келиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 4,5 фоиз пунктга кўпайди. Шунингдек, улар ҳиссасига тўғри келган қурилиш ишлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,0 фоизни ташкил этган ҳолда 31,09 трлн сўм миқдорида қайд этилди. 

Норасмий сектор ҳиссасига тўғри келган қурилиш ишлари улуши ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 1,9 фоиз пунктга камайиб, 21,3 фоизни ташкил этди ва 11,9 трлн сўм миқдорида қайд этилди. Ўтган йилнинг мос давридаги ҳажм билан солиштирганда 11,0 фоизни ташкил этгани кузатилди. 

Давлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан жами 3,5 трлн сўм ёки 2018 йилнинг январь-октябрига нисбатан 52,9 фоиз қурилиш ишлари бажарилди, нодавлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан эса 52,7 трлн сўм ишлар бажарилиб, ўсиш суръати 17,2 фоизни ташкил этди. Уларнинг республикадаги улушлари мос равишда 6,2 фоиз ва 3,8 фоизни ташкил этди. 

Мавзуга оид