Иқтисодиёт | 22:13 / 21.11.2019
6161
1 дақиқада ўқилади

PayPal тўлов хизмати Honey хизматини 4 млрд долларга сотиб олди 

PayPal тўлов хизмати чегирмалар, купонлар ва интернетда нархларни таққослаш бўйича хизматлар тақдим қилувчи Honey онлайн-хизматини 4 млрд долларга сотиб олганини эълон қилди.

PayPal’нинг таъкидлашича, унинг кенг ривожланган тўлов тармоғи ва Honey’нинг оммабоп хизматлари биргаликда интернет-дўконлар савдоси ҳажмини оширади, бу эса ҳам истеъмолчиларга, ҳам икки компанияга ҳам фойдали бўлади. Honey хизматининг ойлик аудиторияси 17 млнга яқин кишини ташкил қилади, у 30 мингта интернет- ритейлер, товарлар ва егуликлар етказувчи хизматлар билан ҳамкорлик қилади. Таъкидланишича, хизмат 2018 йилнинг ўзида одамларга жами 1 млрд долларлик чегирма олишга имкон берган.  

Ушбу харид ўз тўлов хизматларини фаол ривожлантираётган Google, Amazon, Facebook ва Apple каби компаниялар билан рақобатлашишга мажбур бўлаётган PayPal тарихидаги энг йирик харид бўлди. Аввал PayPal хизмати eBay интернет-савдо майдончасига эга бўлган. Бироқ 2015 йилда eBay акциядорлари босими остида тўлов хизмати алоҳида компания қилиб ажратиб чиқарилган.

Мавзуга оид