Ўзбекистон | 14:51 / 20.12.2021
9706
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов PayPal борасида изоҳ берди

Тошкент Ёшлар форумида АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда PayPal’дан фойдаланиш имкони йўқлиги борасида изоҳ берди.

Фото: Тошкент ёшлар форуми

Тошкент ёшлар форуми доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Вазир очиқ мулоқотда PayPal билан боғлиқ вазиятга, хусусан, ушбу тўлов тизими нима сабабдан Ўзбекистонга кирмаганига изоҳ берди.

«Ҳақиқатан ҳам PayPal тизимида Ўзбекистон йўқ. Бунга, менимча, Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида конвертация тизимининг ишламагани ва шу каби бошқа сунъий тўсиқлар сабаб бўлган деб ўйлайман. Айнан шу сабаблар туфайли PayPal Ўзбекистонни ўз рўйхатидан чиқариб ташлаган бўлиши мумкин.

Бизнинг вазифамиз Марказий банк, Молия вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тизимга Ўзбекистонни ҳам қўшишдан иборат. Бу борада ўзгаришлар бўлади деган умиддаман», – деди АКТ вазири Шерматов.

Бундан олдинроқ, Kun.uz билан суҳбатда PayPal’нинг ўзбекистонлик дастурчиси Оғабек Йўлдошев PayPal Ўзбекистонга кирмаганининг 2 сабабини келтирганди. У бизнес муҳити ва эҳтиёжнинг юқорилиги ҳамда инфраструктура масаласини асосий муаммолар қаторида санади.

Дастурчи маълумотларни йиғиб бериш Ўзбекистон ҳукумати зиммасида қолаётгани боис инфраструктура масаласида Ўзбекистон томони оқсаётган бўлиши мумкинлигини истисно этмаганди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 2020 йил октябрда PayPal билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериб, PayPal фаолиятига чекловни Ўзбекистон ўрнатмаганини, компания ўзи мамлакатга кириш нияти йўқлигини билдирди. 2021 йилнинг май ойида ҳам бу борада янгилик йўқлиги маълум қилинди.

Мавзуга оид