Ўзбекистон | 18:21 / 05.10.2022
6306
3 дақиқада ўқилади

“PayPal’нинг бизнеси дунёда ёмон аҳволда экан” – Шерматов PayPal Ўзбекистонга кириш нияти ҳамон йўқлигини айтди

Фото: KUN.UZ

АКТ вазири Kun.uz мухбирининг Ўзбекистонга PayPal’ни олиб кириш режаси ҳақидаги саволига жавоб берди. Вазир компания ўзбек бозорига кириш нияти йўқлигини таъкидлаб, PayPal’да ишлаётган ўзбек дастурчисининг маълумотларни йиғиб бериш Ўзбекистон ҳукумати зиммасида қолаётган масала бўлиши мумкинлигига оид фикрларини рад этди. “PayPal биздан ҳеч қандай маълумот сўрамади, сўраса, биз тайёрмиз”, – деди вазир.

5 октябр куни Халқаро пресс клуб сессиясида АКТ вазири Шерзод Шерматов Kun.uz мухбирининг Ўзбекистонга PayPal’ни олиб кириш режаси ҳақидаги саволига жавоб берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг июл ойидаги Америкага ташрифи чоғида у ўзбек-америка савдо палатаси ва элчихона орқали  PayPal раҳбарияти билан гаплашган.

“PayPal’нинг ўзининг бизнеси дунёда ёмон аҳволда экан, компания раҳбарияти позицияси ҳозир кўпроқ Америкадаги ва бор бозорлардаги бизнесини ривожлантириш. Компаниянинг экспансия борасида катта режалари йўқ экан. Мана бизга PayPal’нинг расмий жавоби”, – деди вазир.

Компанияда дастурчи бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик Оғабек Йўлдошев 2021 йилдаги интервьюсида Kun.uz’га компаниянинг Ўзбекистон бозорига кириш нияти йўқлиги борасида бир нечта тахминий сабабларни айтганди. Уларнинг орасида, дастурчи инфраструктура масаласи ҳукумат зиммасида қолаётган иш бўлиши мумкинлигини айтганди.

“PayPal’даги хизматларни Ўзбекистон мисолида бажариш қийинроқ, чунки Ўзбекистонда фуқаролар маълумотларининг автоматлаштирилмаган қисмлари кўпроқ. Бу маълумотлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан йиғилмаган бўлиши эҳтимоли бор”, – деганди дастурчи.

Вазир Йўлдошевнинг бу борадаги фикрларини рад этиб, бу компаниянинг расмий позицияси эмаслигини айтди.

“Агар қўшимча нимадир маълумот сўраган бўлса, яна керак бўладиган бўлса, биз тайёрмиз. Лекин биздан расман ҳали ҳеч қанақа маълумот сўралгани йўқ. Агар PayPal’да ишлаётган ўзбекистонлик дастурчилар бизга ёрдам беришга тайёр бўлса, раҳбарияти билан гаплашиб Ўзбекистонга киришга кўндирадиган бўлса, ундан хурсанд бўламан. Ҳамкорликка тайёрмиз”, - деди вазир.

Маълумот учун, 2018 йил июн ойида PayPal Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни истаётгани ҳақида хабар берилганди.

Марказий банк 2020 йил октябрда PayPal билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериб, унинг фаолиятига чекловни Ўзбекистон ўрнатмаганини, компания ўзи мамлакатга кириш нияти йўқлигини билдирди. 2021 йилнинг май ойида ҳам бу борада янгилик йўқлиги маълум қилинди.

2021 йилнинг охирида ҳам Шерматов компания Ўзбекистонга кириш борасида режалари ўзгармаганини айтганди.

Мавзуга оид