Ўзбекистон | 20:33 / 21.11.2019
8555
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилоятига афғонистонлик ишбилармонлар ташриф буюрди

Бугун, 21 ноябрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Муҳаммад Муҳсин Амирий раҳбарлигидаги ишбилармонлар делегацияси Сурхондарё вилоятига келди. Ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташриф буюрган делегация аъзолари вилоят ҳокими Тўра Боболов билан учрашди. 

Учрашув чоғида вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тоғ-кон тармоғини ривожлантириш ва бошқа инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Афғонистонлик ишбилармонлар билан бўлиб ўтган учрашув чоғида заъфарон ўсимлиги, шунингдек, дунёга машҳур Жалолобод анорларини Сурхондарёда етиштиришни йўлга қўйиш масаласида ҳам келишиб олиниб, ҳар бир келишувнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун барча имкониятлар ишга солиниши таъкидланди.

Делегация аъзоларининг ташриф давомида вилоятдаги йирик корхона ва фирмалар фаолияти билан яқиндан танишиши, тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларни томоша қилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятида қўшни мамлакат сармоядорлари иштирокида 111 хизмат кўрсатиш, 49 қишлоқ хўжалиги ва 35 саноат соҳасида қўшма ҳамда хорижий корхоналар фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида қўшни мамлакатга вилоятдан 45 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулотлар экспорт қилинди. 2019-2020 йилларда афғон тадбиркорлари ҳамкорлигида жанубдаги воҳада саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қиймати 46 миллион доллар бўлган 40 лойиҳани амалга оширишга келишилган.

Мавзуга оид