Ўзбекистон | 16:00 / 23.11.2019
9660
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон почтаси»нинг босма нашрлардан 12 млрд сўм атрофида қарзи бор

Фото: pochta.uz

«Ўзбекистон почтаси» акционерлик жамиятининг босма нашрлардан 12 млрд сўм атрофида қарзи бор ва у йил охиригача тўлаб берилиши керак. Бу ҳақда «Ўзбекистон почтаси» молиявий директори Рустам Дадамуҳаммедов маълум қилди.

«Босма нашрлардан 12 млрд сўм атрофида қарздорлик мавжуд. Бу қарздорлик 2019 йил давомида тўлаб берилиши керак. Шартномаларга асосланган жадвалларимиз бор, графикларимиз бор. Ҳозир қарздорликни сўндириш бўйича белгиланган муддатдан бироз ортда қолиш кузатиляпти. Ҳар бир босма нашр бўйича қарздорлигимизни йилнинг охиригача бартараф этамиз», - дея Рустам Дадамуҳаммедовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июлида «Ўзбекистон почтаси»га янги раҳбар тайинланган ҳамда “Ўзбекистон почтаси” 2018 йилни 27,8 млрд сўмлик зарар билан якунлагани маълум қилинганди.

6 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»да АКТ вазири Шуҳрат Содиқов «Ўзбекистон почтаси» фаолиятини жонлантириш, уни қарз ботқоғидан олиб чиқиб, даромадли соҳага айлантириш вазирлик олдида турган муҳим вазифалардан бири эканини айтган ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берган эди.

Мавзуга оид