14:18 / 26.11.2019
2
64626

Биз билган ва билмаган Вьетнамга бориш учун 7та асосий сабаб

Шарқий Осиёга саёҳат қилиш ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг кўз олдига Малайзия, Таиланд ва Индонезия каби давлатлар келади. Лекин кўпчилик яқиндан билмаган, кўрмаган ва кашф этмаган бошқа ажойиб манзиллар ҳам бор. Булардан бири – Вьетнам.

Вьетнам инсон умри давомида бир марта бўлса ҳам бориш керак бўлган давлатлардан бири саналади. Нима учун дейсизми? Бунга арзигулик 7та асосий сабабни келтириб ўтаман.

Шу йил кузда малака ошириш учун Вьетнам пойтахти Ханойга боришга муваффақ бўлдим. Тан олиб айтаман, бундан икки йил аввал Вьетнам ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Бироқ магистратурада вьетнамлик талабалар билан бирга таҳсил олиб, бу мамлакатга бўлган қизиқишим янада ортган.

Биласизми, 2018 йилда Вьетнамга дунё бўйлаб қарийб 15,5 миллиондан ортиқ сайёҳ борган (таққослаш учун Ўзбекистонга 5,3 миллион) бўлиб, бу – мамлакат тарихида рекорд даражани қайд этди.

Вьетнам – қадимий ибодат масканлари ва миллий боғларни ўзида сақлаб қолган, сайёҳларга арзон нархларда мазали таомлар ва Европа сифатидаги дам олиш зоналарини тақдим этувчи ўлка. Бу мамлакат аввал Франция мустамлакаси бўлган.

Хуллас, саёҳатим давомида олган таассуротларимдан келиб чиққан ҳолда, ушбу фото-эссей орқали Вьетнамга саёҳат қилиш учун 7та асосий сабабни санаб ўтаман.

1. Хавфсизлик

Вьетнам – Жануби-шарқий Осиёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири саналади. Бу ерда жиноятчилик даражаси паст: террорчилик акти, зилзила ёки цунами кабилар деярли кузатилмайди. Мамлакат ҳар йили миллионлаб сайёҳларни кутиб олишга одатланиб қолган. Оилангиз билан бехавотир саёҳат қилишингиз мумкин.

Эътиборимни тортгани, пойтахт Ханойнинг марказий кўчаси тунда махсус қўриқчи ва посбонлар томонидан қаттиқ назорат қилинади. Шу сабабли, сайёҳлар тунда ҳам пиёда сайр қилишлари мумкин.

2. Гўзал табиат

Въетнам ўзининг бетакрор тоғли манзараси, тарихий миноралари, гуруч майдонлари, ғаройиб ғорлари, табиий соҳиллари билан ҳар қандай инсоннинг кўнглини забт эта олади. Иқлимнинг қишин-ёзин мўътадиллиги ҳам йилнинг исталган вақтида саёҳат қилиш имконини беради.

Агар пляжда дам олишни хуш кўрсангиз, Нячанг, Муйне-Фантьет, Кондао, Фукуок ёки Данангга боришингиз мумкин. Агарда мамлакатнинг маданий, диний, тарихий марказлари билан яқиндан танишишни истасангиз, Хюэ шаҳрига ёки Хо Ши Мин музейига ташриф буюринг.

Вьетнамнинг энг гўзал табиат манзараси – Ҳалонг кўрфази бўлиб, у саёҳатчилар орасида ҳам жуда машҳурдир. 1994 йилда ЮНЕСКО Ҳалонг кўрфазини Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритган, 2011 йилда эса у дунёнинг етти табиат мўъжизасидан бири сифатида тан олинган.

3. Мазали ошхона

Вьетнам – ҳақиқий гурманлар учун ажойиб жой. Бу ерда мексиканча, французча, итальянча, хитойча таомларнинг уйғунлигидаги антиқа таомлардан баҳраманд бўлиш мумкин. Бироқ бу унинг ўз миллий ошхонаси йўқ, дегани эмас.

Вьетнамнинг энг машҳур миллий таоми – «Фо бо» шўрвасидир. Витамин ва микроэлементларга бой, тўйимли таомни Вьетнамнинг исталган бурчагида татиб кўриш мумкин.

Шунингдек, денгиз маҳсулотларидан тайёрланган егуликлар, тропик мевалар, кокос шарбатини бошқа мамлакатда бунақа арзон нархларда топа олмайсиз.

4. Ажойиб маданият

Вьетнам миллати минг йиллик тарихга эга. Ханойнинг машҳур Hoan Kiem кўлидаги маданий ёдгорлик, Хой Ан шаҳридаги қадимий Тан Ки уйи ёки Япон кўприги – ўтган асрларнинг нодир дурдоналари ҳисобланади.

Вьетнамда яна бир ажойиб кўнгилочар дастур бор: cувда миллий рақс томошалари. Сафарим давомида мамлакатдаги энг катта ва машҳур «Quintessence of Tonkin» маданий шоусини томоша қилдим. Мазкур дастур орқали сиз Шимолий Вьетнам маданиятининг узоқ тарихи, афсоналари, урф-одатлари билан яқинроқ танишишингиз мумкин.

Яна Хой Андаги Ким Бонг қишлоғи ўзининг қадимий дурадгорлик ва анъанавий ёғоч маҳсулотлари билан ҳам танилган.

5. Самимий инсонлар

Вьетнамликлар ўзбекларга ўхшаган меҳмондўст, самимий инсонлардир. Шунингдек, улар жуда ҳам тиришқоқ, меҳнатсевар, тиниб-тинчимас одамлар. Саёҳатим давомида кўчада бирорта ҳам тиланчи ёки ёрдамга муҳтож инсонни учратмадим.

Вьетнамлик дўстим Ламнинг айтишича, одамлар бекор қолмаслик ва бошқалардан ёрдам сўрамаслик учун бирор юмуш билан банд бўлишга ҳаракат қилишади. Масалан, эрта тонгдан янги узилган мевалардан шарбат тайёрлаб, кўчада сотишади. Ёки бўлмаса, уйнинг биринчи қаватида кичик дўкон очиб, савдогарлик билан шуғулланишади.

Шунингдек, Вьетнамда хизмат кўрсатиш аъло даражада. Ресторан хизматчиларидан тортиб, меҳмонхона ходимларигача сайёҳларга юқори даражада илтифот кўрсатиб, доимо хушмуомала бўлишга ҳаракат қилишади.

6. Денгиз

Вьетнам қирғоқларининг сувости дунёси хилма-хиллиги билан барчани ажаблантириши аниқ. Дунёдаги энг арзон дайвинг саргузашти ҳам айнан шу ерда.

Вьетнамда дайвинг учун энг яхши жойлар – Нячанг, Хойан, Кондао ва Фукуок ороллари. Сув тубида мингдан ортиқ балиқ турларини учратиш мумкин.

7. Тарих

Вьетнам халқи ҳам жуда  оғир кунларни бошидан ўтказган. Аввалига Хитой империясига тегишли бўлган давлат кейинчалик французлар, японлар, америкаликлар мустамлакасига айланган.

Вьетнам тарихи билан яқиндан танишишни истасангиз, Этнология музейи, Қирол Да Лат саройи, Уруш қурбонлари музейига бориш мумкин.

Шунингдек, Ку Чи тоннели бўйлаб экскурсия – Вьетнамдаги энг экстремал саёҳатлардан бири саналади. Хо Ши Мин шаҳрида жойлашган Ку Чи туннели – лабиринт ер ости ўтиш йўли ва тизими бўлиб, ундан партизанлар уруши даврида яшаш ва курашиш учун фойдаланилган.

Вьетнамга саёҳат қилиш учун яна кўплаб сабабларни келтириш мумкин. Муҳими, бунга сиз ўз кўзларингиз билан гувоҳ бўлишингиз керак. Биз эса саёҳатда давом этамиз.

Феруза Авазова,
Кun.uz мухбири.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top