14:52 / 26.11.2019
5
19564

Ҳаво кодексига ўзгартириш киритилса, авиачипталар нархи камида 20 фоизга арзонлашиши мумкин

2018 йилнинг 18 январь куни Қозоғистон Республикаси Ақтўбе областида содир бўлган фожиали воқеадан сўнг Ўзбекистон ҳукумати давлат чегарасидан ташқарига чиқаётган фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга доир шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида махсус қарор қабул қилган, унда авиация ва темир йўл чипталар нархи арзонлаштирилиши ҳақида сўз борганди. Шундан сўнг Ўзбекистонда миллий лоукостер ташкил этилиши, Москвага учиш 100 долларга тушиши мумкинлиги айтилганди.

25 ноябрь куни АОКАда Транспорт вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири бу борада қандай ишлар қилингани билан қизиқди.

Транспорт вазирлиги ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Улуғбек Бекташев Қозоғистондаги фожиадан сўнг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига, ҳозирги «Uzbekistan Airways» акционерлик жамиятига ўша пайтда шундай топшириқ берилганини айтиб ўтди.

«Меҳнат вазирлиги билан биргаликда меҳнат муҳожирлари учун 20 фоизли чегирма билан махсус тарифлар ишлаб чиқилган. Бугунги кунгачаям шу механизм ишлаб келяпти ва меҳнат муҳожирлари арзонлаштирилган тарифлардан фойдаланиб келмоқда», дея Улуғбек Бекташевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда биргина Туркияга авиақатновлар мисолида чипталарнинг нархи бўйича аниқ мисоллар келтирилиб, 10 сентябрь ҳолатига бир тараф учун Истанбул–Тошкент чиптаси нархи «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан 581 доллар этиб белгиланган бўлса, Истанбулдан Остона орқали Тошкентга келиш 303 доллар («Air Astana», Қозоғистон), Истанбулдан Остона ва Олмаота орқали Тошкентга парвоз қилиш 317 доллар («Air Astana», Қозоғистон), Истанбулдан Москва орқали Тошкентга келиш 320 доллар («Аэрофлот», Россия), Истанбул–Чимкент авиачиптаси нархи 178 долларни («SCAT Airlines», Қозоғистон) ташкил этгани айтилиб, авиачипталар меҳнат муҳожирларига 20 фоизли чегирма билан сотилаётгани муаммо ечими бўлолмаслиги, хорижга ишлашга кетаётган ўзбекистонликлар авиачипта учун пул тополмаганидан ҳалигача поезд ёки автобусларда Россияга кетаётгани, қачон масала тизимли равишда ҳал қилиниши, нима учун айни пайтда мавжуд самолётлар парки билан лоукостер бизнес моделини амалга ошириб бўлмайди, деган хулосага келингани сўралди.

Улуғбек Бекташев лоукостер ташкил этишнинг 3та йўли борлиги, уларнинг ҳар бири катта харажатлар талаб қилишини таъкидлади.

«Биринчи усулга кўра, амалда ишлатилиб келинаётган самолётларни қайта жиҳозлаш талаб этилади. Кичкина самолётлар, мисол учун, Боинг-707да 190та ўриндиқ бўлса, шундан 26таси бизнес-класс, 160таси эконом-классга мўлжалланган. Лоукостер тизимида бизнес тоифасидаги ўриндиқлар бўлмайди. Бу бутун самолётни эконом-классга конвертация қилиш керак деганидир. Шунда ўриндиқлар сони 190тадан 210тага кўпаяди. Ҳисоб-китобларга кўра, самолётни қайта жиҳозлаш кичкина пул билан амалга ошмас экан. Айни пайтда «Uzbekistan Airways» АЖ паркида 29та самолёт бор.

Лоукостер ташкил этишнинг иккинчи йўли ихчам самолётларни сотиб олиш бўлса, учинчи йўли – лоукостер тизими талабларига мос самолётларни лизингга олиш. Лекин иқтисодий томонидан ҳисоб-китоб қилинганда ҳозирча «Uzbekistan Airways» учун лоукостер ташкил этиш қийин.

Шу сабабли, вазиятдан чиқиш учун мигрантларга, умуман, бутун аҳолига авиачипта нархини арзонлаштириш учун гибрид моделини жорий этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Яқин кунларда бунинг бизнес-стратегияси тасдиқланиб қолади. Агар бу амалга ошса, авиачипталарнинг нархи арзонлайди. Мигрантлар кўпроқ Россияга боришади. Истанбул ҳам мисол келтирилди. Ҳақиқатан ҳам халқимиз чет давлатларга ишлагани кўп чиқиб кетаётгани учун бошқа йўналишлар бўйича ҳам авиачипталар нархини тушириш механизмларини ўйлаб чиқиш, топиш устида иш олиб бориляпти. Натижасини албатта халқимиз сезади», дейди Улуғбек Бектошев.

Фото: Иброҳим Дўшанов

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, бугунги кунда Транспорт вазирлиги томонидан Ҳаво кодексига ўзгартириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

«Лоукостер тизимида чипталар қайтарилмайдиган, бепул багаж тақдим этилмайдиган, овқат нархи чипта нархига киритилмайдиган тарифлар бор. Ҳаво кодексига мувофиқ, авиаташувчи бепул багаж тақдим этиши шарт (102-модда), қайтарилмайдиган чипта сотишга ҳаққи йўқ (104-модда). Лекин хориж компанияларда йўловчиларга танлаш имконияти берилади. Агар йўловчининг багажи бўлмаса, самолётда овқатланишни истамаса, нима учун бошқалар билан бир хил нархда чипта сотиб олиши керак деган саволлар туғилади. Шу тизим чет элда яратилган. Биз жаҳон стандартлари ва тажрибани ўрганган ҳолда шу нарсани йўлга қўймоқчимиз. Ўйлайманки, ташаббусимизни Вазирлар Маҳкамаси, депутатларимиз қўллаб-қувватлашади. Бу нафақат «Uzbekistan Airways» АЖ учун, эртага Ўзбекистонда бошқа авиакомпания тузилганда ҳам кўмак бўлади. Шунда Жаҳон банки прогнозлари бўйича авиачипталар нархи камида 20 фоизга арзонлашиши мумкин. Шу нарсани амалга оширмоқчимиз», дейди Бектошев.

Маълумот учун, лоукостерлар бу кам бюджетли, эксплуатация харажатлари паст бўлган авиакомпания бўлиб, унинг чипталари бошқа авиакомпанияларникидан анча арзон бўлади. Бундай авиакомпанияларнинг самолётларидан беш юлдузли комфорт бўлмаслиги мумкин, аммо парвозлар нархини кўпчилик учун ҳамёнбоп бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда нима учун лоукостерлар пайдо бўлмаётгани, SilkJet компанияси хорижий инвестициялар ва жаҳон тажрибасига эга авиация мутахассисларини жалб этган ҳолда Ўзбекистондаги биринчи лоукостерни жорий этишга уринаётгани, АNNА.АERО компанияси томонидан ўтказилган маркетинг бўйича минитадқиқотга кўра, Ўзбекистон — лоукостерлар кириб бориши даражаси бўйича Осиёдаги аутсайдерлардан бири деб топилгани хабар қилинган эди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top